Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқҲушёр бўлинг: пул тортувчи “хакер”!

Ҳушёр бўлинг: пул тортувчи “хакер”!

У катта миқдорда жаримага тортилди

Косонсойлик Ўктам Алимов (шартли) 1996 йилда туғилган. Техникани яхши тушунади ва улар билан “тиллашиш”ни билади. Агар ижобий мақсадларда шу ҳунарини ишлатганда эди, яхши бир ишбилармон бўлиши, ҳалол пул топиши мумкин эди. Аммо у аксинча иш кўрди. Ҳали уйланмаган, келажаги олдинда бўлган бу йигит пластик картадан пул ўзлаштириб ўзганинг ҳаққига ҳиёнат қилди.

Фарзандини даволатиш учун ҳайрия ёрдамини сўраб машҳур  телеграм каналларидан бирига мурожаат қилган Д.Парпиевага қўнғироқ қилган Ўктам Малайзиядан телефон қилаётгани, ҳайрия сифатида 300 АҚШ доллари ташламоқчили, аммо пластик картага тушира олмаётганини сабаб унга смс хабар жўнатиши ва аёл унга шу хабар кодини юбориши лозимлигини айтади. Бу гапдан хурсанд бўлиб кетган онаизор ўзига келган смс хабар кодини унга юборади.

Шундан кейин аёл пластик картасидаги 9.728.445 сўм пул маблағи ғойиб бўлиб қолади. У зудлик билан банк мутахассисларига бориб картасини текширтиради ва ҳақиқатан ҳам ундаги пуллар ечиб олинганини билади.

Ногирон фарзандининг саломатлиги учун халқдан ёрдам сўраб турган аёл бу қилмишни ҳуқуқий идора вакилларига бориб айтади. Ҳар қандай вазиятда ҳақиқат қарор топади ва жиноий қилмиш ўз жазосини олади.

Сири ошкор бўлиб қўлга олинган йигитнинг пушаймонлигига даво йўқ. У келтирган зарари — талон-торож қилиб юборган пулларни тўла қоплаганлиги, оилавий шароити, аввал судланмаганлиги, саломатлигининг яхши эмаслигини эътиборга олиб енгиллик берилишини сўрайди.

Албатта, кечиримлилик бизнинг менталитетимизга хос, қолаверса, қонунларимизда ҳам бу аксини топган. Аммо жиноятга жазо муқаррарлиги ҳам тайин. Шу маънода Ў.Алимов катта миқдордаги 12.250.000 сўмлик жарима жазоси билан сийланди. Ўз ўзига моддий-маънавий зарарни сотиб олишми бу?! Бир қарашда, оддийгина қилиб шундай баҳолаш ҳам мумкиндек…

Техника асрида яшаётганимиз чин. Шу маънода унинг тартиб-амалларига ҳам хушёрлик билан қарашимиз фойдадан холи эмас. Айниқса, моддият билан боғлиқ жараёнларда танимаган, билмаган кишиларга шошма-шошарлик билан ишониб қолмаслик юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олади.

Бу, албатта, сизу бизнинг фойдамиз, манфаатимиздир. Демак, хушёр бўлинг!

Самаджон Қодиров,
жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди раиси

 

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз