Бош саҳифаТаҳлилКим кўпроқ: аёлларми ёки эркаклар?

Ким кўпроқ: аёлларми ёки эркаклар?

Демография жуда қизиқ соҳа. Ер юзи аҳолисининг тарихий ва ҳозирги нуфуси, жинслар нисбати, ўртача ёш ва бунинг географик кесимдаги таҳлили тарихий шарт-шароит, бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва келажак ҳақида прогнозлар қилиш учун анча маълумотларни беради.

Биз ўзи ҳозир қанчамиз?

Жадал кўпаймоқдамиз!

Бугун Ер куррасида 8.05 миллиард аҳоли яшайди. Инсоният нуфуси 1 миллиард кишига етиши учун 200 000 минг йил, 7 миллиардга етгунича эса бор-йўғи 200 йил керак бўлди.

БМТ таҳлилларига кўра Ер юзи аҳолисининг ҳар миллиард кишига ўсиши қуйидаги тарзда рўй берган:

  • 1 миллиард – 1804 йил
  • 2 миллиард – 1927 йил (123 йилдан кейин)
  • 3 миллиард – 1960 йил (33 йилдан кейин)
  • 4 миллиард – 1974 йил (14 йилдан кейин)
  • 5 миллиард – 1987 йил (13 йилдан кейин)
  • 6 миллиард – 12 октябрь 1999 йил (12 йилдан кейин)
  • 7 миллиардов – 31 октябрь 2011 йил (12 йилдан кейин)
  • 8 миллиард – 15 ноябрь 2022 йил (11 йилдан кейин)

Бугунги кунда энг кўп аҳоли ўсиши Африка, хусусан, унинг жанубий ҳудудига тўғри келмоқда. Ер юзида энг аҳоли кўп яшайдиган жой эса Жануби-Шарқий Осий – Хитой ва Ҳиндистон. Ушбу ҳудудда Ер юзи аҳолисининг 29 фоизи яшайди. Ундан кейинги ўринда Марказий ва Жанубий Осиё ҳудуди – 2,1 миллиард (26 фоиз) яшайди.

Аёллар кўпми, эркаклар?

Бутун Ер юзида эркаклар кўп, Европада эса аёллар

Аҳолининг жинс бўйича фарқи турли ҳудудларда турлича, лекин умумий олганда Сайёрамизда эркаклар аёллардан нақд 1 фоизга кўп (49,5/50,5 фоиз).

Бутун Ер юзида эркаклар кўп, Европада эса аёллар. Эркаклар ва аёллар нисбатида энг катта фарқ Қатар, Бирлашган Араб Амирлиги каби бой мусулмон мамлакатларга тўғри келмоқда. БАА да 1 аёлга 2 эркак, Қатарда эса 3 та эркак тўғри келмоқда. Албатта, бу маълумотни фақат репродуктив ёшдаги эркак-аёлларга нисбатан татбиқ қилиш нотўғри. Статистик маълмотлар бутун аҳоли, кексалар ва вояга етмаганлар ҳам қўшиб тақдим этилади.

Эркаклар сони аёлларга нисбатан энг кўп мамлакатлар:

БАА – 2,195;

ҚАТАР –3,0;

Қувайт – 1,431;

Саудия Арабистони – 1,36;

Хитой – 1,063;

Туркия – 1,016.

Ушбу кўрсаткичлар селектив аборт, аёллар ва эркакларнинг ривожланиши учун яратилган шароитлар ҳамда эркаклар ва аёллар ўртача ёши орасидаги фарқ билан асослантирилади.

Ўзбекистонда эркаклар кўпми ё аёллар?

Ўзбекистонда доимий аҳоли таркибида аёллар улуши 1991 йилга нисбатан 0,9 фоизга камайган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли ўсиш суръати кунига қарйиб 2 минг кишига етада. 2022 йил 9 декабрь ҳолатига доимий аҳоли сони 36 миллиондан ошди.

Шундан:

Эркаклар – 18,1 млн. киши

Аёллар – 17,9 млн. киши.

Ўзбекистон туғилиш бўйича МДҲда биринчи ўринда. Аҳоли сони бўйича дунё мамлакатлари ўртасида 41 ўринда қайд этилган.

1991 йил бошида Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси таркибида аёлларнинг улуши 50,6 фоизни ташкил этган. 2022 йил бошига келиб, ушбу кўрсаткич 49,7 фоизни ташкил этган ҳамда 1991 йилга нисбатан 0,9 фоизга камайган.

Йиллар кесимида доимий аҳоли таркибида аёллар улуши:

— 1991 йил – 50,6 %

— 2000 йил – 50,2 %

— 2010 йил – 49,9 %

— 2020 йил – 49,7 %

— 2022 йил – 49,7 %

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли ўртача ёши эркаклар учун 28,4, аёллар учун 29,8 ёшни ташкил қилмоқда. Бу мамлакат аҳолисининг ўртача ёши анча кичик эканини (ёшлар кўплигини) англатади. Солиштириш учун: Ер юзи аҳолисининг ўртача ёши 30,4.

Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умри узунлиги 73,8 ёшни ташкил қилади (дунёда 78 ёш).

2022 йилнинг 1 январь ҳолатига ўртача умр кўриш давомийлиги:

♀️Аёллар учун – 75,8 ёш

♂️Эркаклар учун – 71,7 ёш

Келажак қандай?

Охири бир кун ўсишдан тўхтаймиз!

Тахминларга кўра, ер юзи аҳолиси ўсиши жадаллиги ҳозир энг юқори чўққисига чиққан. Бундан кейин суръат пасаяди ва кейинги миллардни “забт этиш” учун 15 йил (2037), ундан кейингиси учун эса яна 21 йил (2058) кетади. Яъни ўсиш суръатида пасайиш кузатилади. Бу бора-бора тўхташи, 2080 йилга келиб Ер юзи аҳолиси 10,4 миллиардга етиши. Шундан кейин регресс, яни аҳоли сони камайишни бошлаши тахмин қилинмоқда.

Бироқ тахминлар ҳамиша ҳам амалга ошавермайди. Масалан, Ҳиндистон 2030 йилга келиб Хитойдан аҳоли сони бўйича ўзиб кетиши тахмин қилинганди, у эса 2022 йилдаёқ Хитойни ортда қолдириб, аҳолиси энг кўп мамлакатга айланиб улгурди.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз