Бош саҳифаМуҳим“Кимники? Кимники? Кимники?”. Нарса топиб олганда нима...

“Кимники? Кимники? Кимники?”. Нарса топиб олганда нима қилиш керак? 5 та муҳим маълумот 

Бирор жойда (театр, дўкон, шифохона, транспорт) унутиб қолдирилган ҳамён ёки бошқа бир буюмни кўрганда нима қилиш керак? Уни олиб эгасини қидириш керакми? Ҳуқуқшуносларнинг фикрича, индамай ўтиб кетган маъқул. Чунки, эгасини топиб қайтариш ҳақида яхши ниятда бўлганда ҳам, топилмани олиб кетган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилиш хавфи мавжуд. У ҳолда қандай йўл тутиш керак? Кимга мурожаат қилиш тўғри бўлади? Буюмни топиб олган одамга мукофот борми? 6 ой ичида эгаси топилмаса у топган одамники бўладими? hudud24.uz шулар ҳақида батафсил тушунтириш беради.

Жамоат жойларида ҳамён ёки бошқа нарса топиб олинганда уни дарҳол тегишли жойнинг маъмуриятига топшириш керак.

Фуқаролар жамоат жойларида нарсаларини йўқотсалар ёки унутиб қолдирсалар, улар тегишли жойнинг маъмуриятга нарсасини қайтариб бериш талаби билан мурожаат қилиши ва ўғрилик ҳақида ариза билан жиноий иш қўзғатиш ҳуқуқига эга.

  1. Нималар топилма ҳисобланади?

Топилма – йўқолган ашё ҳисобланиб, уни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт.

Фуқаролик кодексига асосан, топилма тўғрисидаги, қаровсиз ҳайвонлар ва хазина тўғрисидаги қоидаларда эгасиз ашёни олиш рад этилмаган бўлса, эгасиз кўчар ашёларга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш мумкин.

  1. Эгасиз ашёнинг тақдири нима кечади?

Эгасиз кўчмас ашёлар (ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар ёки дарахтлар) тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига мувофиқ кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олувчи орган томонидан ҳисобга олинади.

Эгасиз кўчмас ашё ҳисобга олинганидан кейин бир йил муддат ўтгач, давлат мол-мулкини бошқаришга ваколати бўлган орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бу ашёни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига кирган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиши мумкин.

  1. Ашёлар транспортда унутиб қолдирилганда-чи?

Ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлган шахсга топширилиши лозим. Топилма топширилган шахс ашёни топиб олган шахснинг ҳуқуқларини қўлга киритади ва шу билан бирга унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Топилган ашё қайтарилишини талаб қилиши мумкин бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.

Ашёни топиб олган шахс уни ўзида сақлаб туришга ёки сақлаш учун ички ишлар органи, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёхуд улар кўрсатган шахсга топширишга ҳақлидир.

  1. Буюмнинг эгаси 6 ой давомида топилмаса, у – сизники!

Агар йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан 6 ой мобайнида аниқланмаса ҳамда ашёни топган шахсга ёхуд ички ишлар органига, тегишли давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ушбу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади.

Бунда, ашёни топиб олган шахс топилган ашёни мулк қилиб олишдан бош тортса, ашё давлат мулкига ўтади.

  1. Топиб олган шахс мукофотланади

Ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг 20 фоизига қадар миқдорда мукофот талаб қилишга ҳақлидир.

Башарти, топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса — суд орқали белгиланади. Топилган ашёни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли бўлган шахс топилма учун кўпчилик ўртасида мукофот ваъда қилган бўлса, у кўпчилик ўртасида ваъда қилинган мукофотни ўша шартларга мувофиқ тўлайди.

Агар, ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.

Мақсуд Мустафоев,

Hudud24.uz колумнисти

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз