ТАҲРИРИЯТДАН:
Кейинги пайтларда фуқаролар томонидан адлия органларига энг кўп қилинаётган мурожаатлар айнан ана шу муаммони ўз ичига олганлигини кузатиш мумкин. Фуқароларнинг уй-жойларини бузишлар тўғрисидаги маш-машалар ота-боболаримизнинг “Қушнинг ҳам уяси бузилмасин…” деган ибратли нақлини бот-бот ёдга солади. Бизда эса инсонларнинг бошпанасини — уй-жойларини бузиш салкам модага айланиб бормоқда.
Бугуннинг ана шу долзарб муаммоси қонунчилигимизда ўз ифодасини қандай топганлиги ҳақида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Шохидахон ЮЛДАШЕВАнинг шарҳлари билан танишинг:
— Фуқароларнинг уй-жойлари компенсация тўланмасдан бузилиши норозилик кайфиятининг авж олишига сабаб бўлади. Ачинарлиси, аксарият ҳолатларда бу вазиятда ҳуқуқий ечимларга мурожаат қилинмасдан, масалага қонунан ёндашилмайди.
Хўш, ер участкаларининг олиб қўйилиши, уй-жой бузилиши тартиби қандай? Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 911-сонли қарорида батафсил белгилаб берилган.
Биринчидан, ер участкалари фақатгина давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин.
Қуйидаги ҳолатлар давлат ва жамоат эҳтиёжи сифатида қаралади:
* мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналар учун ерларни бериш;
* халқаро шартномалардаги мажбуриятларни бажариш;
* фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
* автомобиль ва темир йўллар, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация ва авиатехника марказлари, темир йўл объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика ва электр, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш;
* аҳоли пунктлари бош режаларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Президент қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳоллар.
Иккинчидан, мулкдор кўрадиган барча зарарлар компенсация қилиб берилиши керак.
- Қуйидагилар компенсация қилиб берилади:
* олиб қўйилган ердаги кўчмас мулкнинг бозор қиймати;
* олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
* кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар;
* жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси;
* бошқа харажатлар ва зарарлар.
Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой, ишлаб чиқариш ва бошқа бинолар ва иншоотларнинг қиймати ҳам қопланиши лозим.
Бузиб ташланган кўчмас мулк ўрнига янги қурилаётган кўчмас мулк объекти бериш муддати бошқа кўчмас мулк объекти вақтинча фойдаланишга берилган кундан бошлаб 24 ойдан ошмаслиги керак. Агар кўрсатилган муддатда янги кўчмас мулк объекти берилмаса, мулкдорга ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,01 фоиз миқдорида жарима тўланади. Бунда жарима миқдори бузиб ташланган кўчмас мулк объекти қийматининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим.
Мазкур тартибларга риоя этилмаган ҳолда ер участкалари олиб қўйилишига ҳамда кўчмас мулк объектлари бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.
Ер участкасининг ноқонуний олиб қўйилиши оқибатида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда унинг кўчмас мулки бузиб ташлашга сабаб бўлса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, –
БХМнинг 250 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ер участкалари олиб қўйилиши, кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш, фуқароларни кўчириш, шунингдек, компенсациялар беришда қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.