Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариҚиргулидаги қотилларга суд ҳукми ўқилди

Қиргулидаги қотилларга суд ҳукми ўқилди

Қуйида ҳикоя қилинадиган қотиллик ҳақидаги жиноят иши, Қува туман судида мазмунан кўриб чиқилган Т.Копачёв (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва унинг жиноий шерикларининг қабиҳ ишлари ҳақидадир.

2021 йил июль ойи оқшомларидан бири, соат тунги 2 дан ўтган, кун бўйи қиздирган қуёш тафти қайтиб, ҳаво бироз салқинлашган вақт эди. “Real Taxi” хизматининг қисқа рақамига тушган навбатдаги чақирувни олган ҳайдовчи ўзининг “Кобальт” машинасида Қиргули мавзеси, 21-ўрта мактаб олдига келди. Буюртма берган тўрт нафар ўспирин йигитларни кўриб, уларни Қува тумани, “Каркидон” сув омбори тарафига боришларини билиб, масофа узоқлиги, шу сабабли йўл ҳақи қиммат бўлишини айтди. Йигитларнинг каттаси Т.Копачёв, “қанча бўлса берамиз”, дегач, яна бир сидра уларга кўз югуртирди, ўспиринлар юзидан қандайдир ҳаяжон билан бирга совуқликни сезди. Шундан сўнг, ҳайдовчи манзил олислиги ва у ерга бормаслигини айтиб, машинасида Фарғона шаҳри томонга ҳаракатланиб кетди. Ички туйғуси алдамаган экан, бу уни ўлим хавфидан сақлаб қолди.

Ҳайдовчини ўлдириб, автомашинасини босқинчилик йўли билан эгаллаб олишни режалаштирган А.Копачёв ва унинг жиноий шериклари вояга етмаганлар Д.Ахметов, Н.Абдурашидов ва М.Тиллабоев, навбатдаги буюртмага кўра мактаб олдига келган ҳайдовчи А.Асроновга ҳам юқоридаги таклифни айтиб, ундан ҳар қанча пул эвазига уларни “Каркидон” сув омборига олиб бориб келишни сўрашди. А.Асронов ўрта ёшлардаги, ҳаётни иссиқ-совуғини кўрган шахс бўлиб, йўловчи йигитларнинг туриши ва ўзларини тутишлари унда шубҳа уйғотди. Аммо йўловчилар берадиган пулни ўйлаб, ўзи моддий томондан муҳтож бўлиб тургани сабаб, таклифга кўниб “Нексия” автомашинасида тўрт нафар қотилларни сув омбори томонга олиб кетди.

А.Асронов йўловчиларни “Каркидон” сув омбори яқинига олиб келгач, нияти бузуқ бўлган А.Копачёв, Д.Ахметов, Н.Абдурашидов ва М.Тиллабоев ҳилватроқ жойда тўрт тарафдан ҳайдовчига ташланишди, уни бўғиб, сўнг бўйнига қайчи билан уриб, унга кўплаб жароҳатлар етказишди. Сўнг қотиллар машинани тўхтатиб, А.Асроновни машинадан туширишганда, жабрланувчи уларга машинаси ва ёнидаги пулларини бериши, бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмаслиги, фақат уни ўлдирмасликни айтиб ялиниб-ёлворади, аммо улар жабрланувчини уриб-тепиб, сўнг тошлар билан бошига ва танасининг турли жойларига уришиб, А.Асроновни ўлдиришади.

Шундан сўнг, қотиллар ҳайдовчи мурдасини йўл четидаги ариқ ичига ташлаб, уни яшириб, автомашинадан давлат рақамини ечиб олиб қўйиб, Қиргули мавзесига қараб бошқариб кетишади. Жабрланувчининг ёнидан чиққан пулларни ва уяли телефонини эгаллаб олишиб, телефонни сотиб қўлга киритилган пулларни эҳтиёжларига сарфлашади. Жиноий гуруҳ раҳбари Т.Копачёв, ўзи ва шериклари томонидан эгасини ўлдириб эгаллаб олинган “Нексия” автомашинасини сотиш учун ҳаридор ахтара бошлашди.

Бу вақтда, А.Асроновнинг уйга келмаганидан ҳавотирланган турмуш ўртоғи уни ахтариб, “Real Taxi” хизматига, эри билан бирга ишловчиларга ва қариндошларига қўнғироқ қилиб эрини сўраб-суриштиради, тайинли жавоб олмагач, эрининг машинаси билан бирга ғойиб бўлгани ҳақида ИИБга хабар беради.

Ҳайдовчининг машинаси билан йўқолгани тўғрисидаги хабар тажрибали изқуварларда, унга нисбатан оғир қилмиш содир этилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ташвишлантирди ва зудлик билан А.Асроновнинг сўнгги иш кунида қаерда ва кимлар билан бўлгани, қайси йўналишда йўловчиларни ташигани, қайси буюртма бўйича юргани ҳақида маълумотлар тўпланди. Бу орада, Қува тумани, “Каркидон” сув омборига яқин жойдаги ташландиқ ариқ ичидан номаълум шахснинг мурдаси топилгани ҳақида вилоят ИИБга хабар келиб тушди. Сўраб-суриштиришлар натижасида номаълум мурда А.Асронов экани аниқланди.

Содир этилган қотилликни фош этиш ва жиноятчиларни аниқлаб ушлашга вилоят прокуртураси ва ИИБ ходимлари сафарбар этилди, бир неча кун давомида олиб борилган тезкор-тергов ҳаракалари натижасида, ҳодиса содир бўлган куни ҳайдовчи А.Асроновни Қиргули мавзесига чақириб, унинг машинасига бир нечта йигитлар чиқишгани ва уларни олиб кетган А.Асронов қайтиб келмагани ҳақида маълумотлар олинди, бунга гувоҳ бўлганлар аниқланиб, атрофлича сўроқ қилинди. Гувоҳлар кўрсатувлари, олинган видеоёзувлар асосида воқеа тафсилоти аниқланди, давлат рақами ечиб олиниб, кўп қаватли уйлар орасига яшириб қўйилган, марҳум А.Асроновга тегишли автомашина топилди, унинг кузов ва салонидан содир этилган жиноятни фош этувчи қон ва бармоқ излари топилиб, тегишли экспертизалар ўтказилди.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида тўпланган далиллар асосида юқоридаги мудҳиш жиноятни содир этган Т.Копачёв, Д.Ахметов, Н.Абдурашидов ва М.Тиллабоевнинг қотиллиги фош этилди. Қотиллар ушланиб қамоққа олинди, ўтказилган суд муҳокамасида ҳам уларнинг айби жиноят ишида тўпланган далиллар билан тўлиқ тасдиқланди.

Судда улар ёшлик қилиб жиноятга қўл уришгани, А.Асроновни ўлдириш нияти бўлмагани ҳақида кўз-ёш қилиб, суд ҳайъатидан ўзларига шафқат сўрашди, аммо содир этилган қилмишга, ўта оғир жиноятга жазо муқаррар!

Суд ҳайъати иш тафсилотларини атрофлича ўрганиб, мавжуд далилларни текшириб, гувоҳлар кўрсатувини ва тарафлар фикрини эшитиб, суд ҳукмини эълон қилди, унга кўра жиноий гуруҳ раҳбари Т.Копачёв 17 йилга, вояга етмаган Н.Абдурашидов 13 йилга, Д.Ахмедов ва М.Тиллабоевларнинг ҳар бири 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ҳар қанча қийинчилик ёки мураккаб бўлмасин, ҳаёт ширин, яшаш завқли. Берилган ҳаётда яхши ишлар қилиш, илм олиш, ҳунар ўрганиш ва, албатта, бошқаларга яхшилик қилиш инсоннинг қўлидан келади. Аммо юқоридаги судланувчиларнинг ёшликда адашиб, жаҳолат кўчасига киришгани ва йигитликнинг энг яхши дамларини қамоқда ўтказишлари, уларнинг келгуси тақдири қандай кечишини ўйлаб, шунингдек, қотиллар қўлида ҳалок бўлган жабрланувчининг ортида қолган фарзандлари ва яқинларининг изтиробини кўриб, ҳаётнинг синовли экани, ундан қандай фойдаланиш ҳар инсоннинг ўзига боғлиқлиги, қилинган барча амалларга одил ҳакам – вақт ўз баҳосини беришига ишонч ҳосил қилдик.

Зафаржон Омонов,
Жиноят ишлари бўйича
Қува тумани судининг раиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз