Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш» қўшма лойиҳаси мутахассислари иштирокида Сирдарё вилоят адлия бошқармасида мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда қўшма Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Лойиҳа давлат хизматларини тақдим этиш механизмларини такомиллаштириш орқали, аёллар, ёшлар ва болалар, қариялар ва ногиронлиги мавжуд шахслар каби қишлоқ жойлардаги аҳолининг заиф қатламларининг ҳаёт сифатини яхшилашга, уларнинг хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва сифатини яхшилашга ёрдам беради.
Мулоқотда давлат идоралари ва давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини инсонларга хизмат қиладиган ҳамда энг муҳим масалаларни ҳал қиладиган воситага айлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, тадбирда хизматлар сифатини ошириш, ходимларнинг касбий ва психологик кўникмаларини шакллантириш, қишлоқ жойларидаги давлат хизматларига эътибор қаратиш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари ҳаётини яхшилашга кўмаклашиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтиришга келишиб олинди.