— Бугунги кунда мономарказда ўқияпман, “Темир дафтар” тугатилганлиги сабабли стипендия ҳам берилмас экан. Эндиликда мен ўқишимни тамомлаб компьютер маркази очмоқчиман, бунинг учун субсидия ажратиладими?
— «Темир дафтар»ни юритиш бўйича вақтинча белгиланган тартибга кўра, фуқаронинг бу рўйхатда бўлиш муддатига аниқ чегара мавжуд эмас. Ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар аниқланиб, «Темир дафтар»га киритилгач, уларга муҳтожлиги бўйича ёрдамлар кўрсатилади. Масалан ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш, ўқитиш, ўзини-ўзи банд қилиш чоралари кўрилади. Шундан сўнг фуқаронинг аризаси ва ишчи гуруҳнинг тавсияси асосида бу фуқарони рўйхатдан чиқариш халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши қарори асосида ҳал қилинади.
Энди субсидия ажратиш тўғрисидаги саволингизга тўхталиб ўтадиган бўлсам, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ субсидиялар:
иш берувчиларга маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки уларнинг малакасини оширишга доир харажатларнинг ўрнини қоплаш учун;
тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан штамплар ва муҳрлар олиш, электрон рақамли имзо олиш, тадбиркорликка ўқиш харажатларини тўлаш ва кредитни олиш чоғида суғурта полиси ҳақини тўлаш учун;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга;
жисмоний шахсларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, уруғликлар, кўчатлар, суғориш воситалари олиш учун ажратилади.
Бундан ташқари ушбу қоида Адлия вазирлигидан 3163-сон билан рўйхатдан ўткан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом билан ҳам тартибга солинади, яъни ушбу Низомга асос ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилалар аъзоси бўлган томорқа ер эгаларига субсидиялар ажратишиши белгиланган.
Демак, умумий ҳолатда тушунтириб ўтадиган бўлсам, сизга компьютер марказини очиш учун субсидия ажратилмайди, аммо имтиёзли равишда кредит олиб ўз тадбиркорлигингизни бошлашингиз мумкин.
Нурья БЕРДИНИЯЗОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси