Бош саҳифаМуҳимКонституцияга коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим нормалар...

Конституцияга коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим нормалар киритилади

Маълумки, давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири коррупциядир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ривожланишига жиддий зиён етказиш билан бир қаторда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Коррупцияга қарши курашиш зарурати халқаро миқёсда ҳам устувор йўналиш сифатида белгиланган. Жумладан, ушбу иллатга халқаро миқёсда курашишга доир ҳуқуқий асослар қатор халқаро ҳуқуқий нормаларда ўз ифодасини топган. Хусусан, 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси, 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенцияси, 1999 йил 27 январдаги Европа Кенгашининг “Коррупция учун жиноий жавобгарлик тўғрисида”ги Конвенцияси, 1999 йил 4 ноябрдаги “Коррупцияга учун фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик тўғрисида” ги Конвенциялари ва бошқалар.

Ўзбекистон юқоридаги халқаро ҳужжатлардан 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенцияси, шунингдек, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул Ҳаракат режасини ратификация қилган.

Президентнинг 2020 йил 29 июндаги Фармони асосида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.

“Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилиб, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланди.

Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган “Коррупцияни қабул қилиш индекси” да мамлакатимиз 180 та давлат орасида 2020 йилда 146-ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда 140-ўринни эгаллаб, 6 поғонага кўтарилди.

Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексидаги “Коррупциядан ҳолилик” индикаторида (Absence of Corruption) мамлакатимиз 2020 йил бўйича 128 давлат орасида 0,40 балл билан 89-ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда 139 давлат орасида 0,46 балл билан 70-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич билан мамлакатимиз 2020 йилдаги 89-ўриндан 19 поғонага юқорилаган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг декабрь ойида “Open Data Watch” халқаро нотижорат ташкилоти томонидан эълон қилинган очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон 63 балл билан жаҳон бўйича 187 мамлакат орасидан 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.

Конституцияга бугунги кунда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган коррупцияга қарши курашиш борасида бир қатор муҳим ўзгартишлар киритилмоқда. Мазкур Конституциявий қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишнинг инcтитуционал асослари ва Парламентнинг бу борадаги ўрни
ва аҳамиятига оид нормалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга карши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколати сифатида Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни Сенат томонидан тасдиқлаш тартиби Конституцияда белгиланмоқда. Унга кўра лойиҳанинг 80-моддаси 6-банди “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини ва Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш” таҳририда баён этилиши таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада коррупцияга қарши курашда энг муҳим омил бўлган очиқликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, лойиҳанинг 29-моддасини “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Ҳар ким Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқларни чеклашга фақат мавжуд конституциявий тузумни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамоат хавфсизлигини ҳамда тартибини ҳимоя қилиш, шунингдек давлат сири ёки бошқа сир деб эътироф этилган ахборот ошкор этилишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолларда, қонун билан йўл қўйилади” таҳририда баён этилиши таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, ҳар бир фуқаронинг ҳаётига дахлдор бўлган масала — давлат бюджети ва қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилиши, фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари унинг устидан жамоатчилик назорати ўрнатиши назарда тутилмоқда. Яъни Конституциянинг 122-моддаси “Ўзбекистон Республикасида Давлат бюджетини ва давлат қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилади. Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонунда белгиланади”, деган мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилмоқда.

Конституцияда коррупцияга қарши кураш борасидаги нормаларнинг акс этиши коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга хизмат қилади.

Р.Нурматов,
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз