Олий судда “Конституциявий одил судлов институти янги босқичда” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Коституциявий суди раиси ўринбосари А. Ғафуров, Олий суд раиси ўринбосари И. Муслимов, Конституциявий суд, Олий суд судьялари ва ходимлари, шунингдек видеоконференцалоқа орқали вилоят, шаҳар, туман, туманлараро судлари судьялари иштирок этдилар.
Олий суди раиси ўринбосари И. Муслимов кириш сўзи билан очган давра суҳбати 2021 йилнинг 27 апрелида амалга киритилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадини ўзида мужассам этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши – мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни либераллаштириш ғояларига мувофиқ бўлиб, бир қатор принципиал янгиликлар киритилиши билан боғлиқ.
Конституциявий шикоят институтининг жорий этилиши Конституциявий судга мурожаатларнинг кўпайиши ва иш ҳажмининг ошишига олиб келиши табиий. Шунинг учун хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Конституциявий суд судьялари сони 9 нафар этиб белгиланди.
Янги қонун билан Конституциявий суд судьясининг ваколат муддатлари ўзгартирилди. Аниқроқ айтганда, Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати биринчи марта сайланганида беш йил, иккинчи марта сайланганида ўн йилни ташкил этадиган бўлди. Шу билан бирга айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма сақлаб қолинди.
Бинобарин, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилиб, янги қонун билан 15 та субъектга шундай ҳуқуқ берилиши назарда тутилди. Чунончи, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъектлар қаторига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳам киритилди.
Яна бир ўзгартишга кўра Конституциявий суд судьяларининг ташаббуси билан масала киритиш ҳуқуқи бекор қилинди. Бу, ўз навбатида, судьяларнинг Конституциявий судда кўриб чиқилаётган масалага нисбатан холислигини таъминлашга хизмат қилади.
Қонунда конституциявий судлов ишларини юритишнинг процессуал қоидалари тўлиқ тартибга солинди. Конституциявий судга мурожаат қилиш, мурожаатни дастлабки кўриб чиқиш, ишни кўриб чиқиш учун қабул қилиш, Конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, суд мажлиси баённомаси, процессуал муддатлар, суд чиқимлари ва харажатларни қоплаш тартиби, айрим турдаги ишлар бўйича иш юритишнинг хусусиятлари каби процессуал тартиб-таомиллар ўзининг аниқ ифодасини топди.
Янги таҳрирдаги қонунда Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишлар бўйича Конституциявий суднинг қарори 15 кун ичида қабул қилинадиган бўлди.
Конституциявий суд қарорларининг турлари ва уларни қабул қилиш, эълон қилиш ва кучга киритиш тартиби ҳамда қарорнинг юридик кучи тўғрисидаги нормалар ҳам янги қонунда ўз аксини топган. Конституциявий суд қарори қатъий ва унинг устидан шикоят қилиш мумкин эмас. Конституциявий суд қарори билан Конституцияга мувофиқ эмас, деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг муайян қисми ўзининг амал қилишини тугатди.
Давлат органлари Конституцияга мувофиқ эмас, деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қабул қилган ўз қарорларини бир ойдан кечиктирмай қайта кўриб чиқиши шарт.
Конституциявий қонун нормаларини татбиқ этиш орқали Конституциявий суднинг ўрни ва ролини оширишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланишига эришиш асосий мақсад экани қайд этилди.
Давра суҳбатида сўз олган Конституциявий суд раиси ўринбосари А. Ғафуров “Конституциявий одил судлов ва конституциявий шикоят: ҳуқуқий асослари ва аҳамияти” мавзуида мъруза қилиб, янги Қонуннинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида тўхталар экан, ундаги бир қатор янгиликлар конституциявий одил судловни янги босқичга олиб чиқишини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Қонуннинг асосий янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.
Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир. Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини ишончли кафолатлашга хизмат қилади.
Шунингдек, давра суҳбатида Конституциявий суд судьяси Қ. Ўлжаев конституциявий суд ишларини юритишнинг процессуал хусусиятлари ҳақида батафсил тушунтириш берди ва демократик давлатларда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам конституциявий одил судлов инсон ҳуқуқлари, қонунийликни таъминлаши, конституциявий шикоят институтининг жорий этилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган тадбир якунида Конституциявий суднинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш масалаларига оид савол-жавобларга ҳам кенг ўрин берилди