Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. Конституциямиз мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланишига хизмат қилиб, ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилди. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради.
Бугун Конституция тўғрисида, унинг маъно-мазмуни ва устувор тамойиллари ҳақида гапирар эканмиз, асосий қонунимизда биринчи навбатда шахс манфаатининг давлат манфаатидан устун этиб белгилангани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилганини алоҳида таъкидлашимиз лозим.
Хусусан, Конституциянинг 2-моддасида қайд этилишича, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”. Бу норма ҳақиқий маънодаги демократик бошқарувни, халқ ҳокимиятини ўзида намоён этади.
Шунингдек, асосий қонунимизнинг 15-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”. Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий шарти қонун устуворлиги экан, мамлакатимизда бу масалага давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилганлигини кўриш мумкин.
Конституциянинг энг асосий юридик хусусиятларидан бири бу – унинг олий юридик кучга эгалигидир. Конституцияда мазкур норманинг мутаҳкамланиши – барча қонун ҳужжатларининг сўзсиз Конституция нормаларига мос келишини англатади. Хабарингиз бор, давлат раҳбари 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Конституциянинг олий юридик кучга эгалигини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. Кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Асосий қонунимизнинг 15-моддасида Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги қоидаси белгилаб қўйилган. Умуман олганда, олий юридик куч эга деганда – норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг иерархиясида энг юқори ўриндатуриши ҳамда бошқа ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатлардан устунлиги тушунилади. Назарий нуқтаи назардан Конституциямизнинг олий юридик кучга эгалигини қуйидаги мезонлар билан изоҳлаш мумкин:
биринчидан, Конституция давлатнинг Асосий қонунидир;
иккинчидан, барча қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хоҳ у қонун бўлсин, Президент фармони бўлсин, ё бўлмаса ҳукумат, вазирликлар, идоралар қарорлари бўлсин барчаси Конституция нормаларига сўзсиз мос тарзда қабул қилиниши лозим;
учинчидан, конституциявий нормалар махсус суд органи – Конституциявий суд томонидан ҳам умумюрисдикциявий судлар томонидан ҳам ҳимоя қилинади;
тўртинчидан, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ўзига хос мураккаб механизм асосида амалга оширилади.
Хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак,Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги Бразилия, Россия, Украина, Молдова конституцияларида ҳам қайд қилинган. Мисол учун, Молдова Конституциясининг 7-моддасида Молдова Конституцияси олий қонун ҳисобланиши, ҳеч бир қонун ёхуд ҳуқуқий акт Конституция қоидаларига зид бўлса, юридик кучга эга эмас, деб белгиланган. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади, деб белгилаб қўйилган.
Конституциянинг олий юридик кучга эгалигини кўрсатувчи муҳим мезонлардан бири ҳам, бевосита унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишнинг ўзига хослиги, мураккаблиги билан тавсифланади.Хусусан, мамлакатимиз Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчлар киритиш, Асосий қонунимизнинг 127-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овози ёки референдум йўли билан қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Ҳар доим ҳам Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилавермайди. Негаки, инсон – жамият – давлат тизими муносабатлари учун энг керакли бўлган қоидалар, зарурий эҳтиёжлар мавжуд бўлгандагина, ўзгартиш қилиниши мумкин. Ҳозирги кунга қадар Конституцияга 16 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса, буларнинг асосий қисми – Президент, давлат органлари, сайлов, суд, маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти ваколатларини мувофиқлаштириш, кенгайтириш, ўзаро тийиб туриш масалалари билан боғлиқ. Ҳозирги давр заруратидан келиб чиқиб, эндиликдаги вазифа инсон ва фуқаро ҳуқуқларига тегишли бўлган энг асосий ва керакли қоидаларни киритишдир.
Хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак, Россия, АҚШ, Болгария каби давлатларда парламент аъзоларининг камида учдан икки қисми овози, АҚШда федерация субъектларининг учдан тўрт қисми розилиги билан Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Яна бир қизиқ жиҳат – Россия конституциясининг 1-, 2-, 9-бобларига, яъни давлатнинг конституциявий тузумига, инсон ва фуқаро ҳуқуқлари қисмига; Франциянинг республика бошқарув шакли, Германиянинг федератив ҳудудий шакли, Бразилиянинг ҳокимият бўлиниши тамойили қисмига ўзгартиш киритиш мумкин эмас, деб белгилаб қўйилган. Умуман олганда, Конституция доимий такомиллашувда, у ўзгармас, қотиб қолган ҳужжат эмас, Конституция жамият билан доимий ҳамнафас бўлиб, инсон ва давлат ўртасидаги энг муҳим масалаларни тартибга солади ва ривожлантиради. Якунда конституциявий ислоҳотлар халқнинг Конституцияга бўлган ишончини оширади.
Жамият ҳаёти, халқ онги ҳамда фуқароларнинг дунёқарашлари жуда тез фурсатларда ривожланиб бормоқда. Бу ривожланиш ўз навбатида давлатдан туб ўзгаришларни амалга оширишга, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга сабаб бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда Конституцияга мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши асосий қонунимизнинг ҳар томонлама мукаммал бўлишига хизмат қилиб, давлатимизнинг асосий қонуни сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, демократик ислоҳотлар ва янгиланишларга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратмоқда.
Мадина Мирзаева,
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар бўйича етакчи маслахатчи