ЯнгиликларҲуқуқКонституция эркин ва фаровон ҳаётимиз — пойдевори

Конституция эркин ва фаровон ҳаётимиз — пойдевори

Бундан деярли 30 йил олдин мамлакатимиз тарихида муҳим воқеа содир бўлди. Албатта, 30 йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда Ўзбекистон мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конститусиямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

«Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади» (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддаси).

Юқоридаги биргина моддада мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва айни вақтда ушбу ҳуқуқлар бош қомусимиз ва бошқа қонунлар орқали ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари Конституциямизнинг 14-моддасида давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши назарда тутилган. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, янгилик, қолаверса қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари аввало фуқаролар ва жамиятимиз манфаатини кўзлаб чиқарилиши, жамиятимизда ижтимоий адолат ва қонунийликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини англатади.

Конституциямизнинг III боби бевосита «Конституция ва қонуннинг устунлиги» деб номланиб, Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинишини кўзда тутади.

Шунингдек, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

Конституциямизнинг 16-моддасига кўра Конституциямизнинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмаслиги ҳамда бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги алоҳида такидланган. Яъни қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонун, қарорлар аввало, Конституциямизга мос бўлиши, унга зид келмаслиги зарурий шарт ҳисобланади. Бизнингча Конституциямизнинг муҳимлиги ҳам айнан шунда кўринади. Хусусан, Конституциямизда ифодаланган барча инсонпарвар ғоялар, нормалар қабул қилиначак қонунлар учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади, бу эса ўз навбатида эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришга хизмат қилади.

Ш.Сулаймонов,
Жиззах вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img