ЯнгиликларАдлия бўлимлариКонституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати

Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек халқининг иродаси акс эттирилган бўлиб, ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг қонун билан ҳимояланиши кафолатланган.

Асосий Қонунда мамлакатимизда жамият ва давлат қурилишининг принциплари аниқ ифодалаб берилди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим тамойил сифатида белгиланди. Барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги шароитида, хусусий мулкнинг бошқа мулк шаклларидан устувор эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Мухтасар қилиб айтганда, Конституция мустақил Ўзбекистоннинг янги сиёсий ва давлат тузилиши асосларини, энг аввало, қонунчилик тизимини шакллантиришнинг миллий-ҳуқуқий меъёрларини белгилаб берди.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – инсон ҳуқуқларини кафолотловчи ҳужжатдир. Асосий Қонунимизнинг
13-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деб белгилаб қўйилган. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарди. Шу боис ҳам халқ ҳамда инсон манфаатларини кўзлаш, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини тўлиқ қондириб бориш, эркин яшаш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда муҳофаза қилиш Конституциянинг бош мақсадидир.

Бинобарин, инсонни улуғлаш, уни ижтимоий муҳофаза қилиш ва ҳар томонлама камол топтириш Конституциямизнинг асосий ғоясига айланган.

Айниқса, унинг ҳар бир инсон яшаш ҳуқуқига эгадир, деган меъёри барчамизнинг ҳаётимиз кафолатидан далолатдир. Асосий қонунимиз халқаро мутахассислар томонидан ҳам энг инсонпарвар, энг халқчил ва энг демократик Конституция сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси нормаларини тўлалигича қамраб олганлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Конституция энг аввало инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этувчи, кафолатловчи ва шу мақсадларда уни ҳимояловчи давлат ҳокимиятининг муайян тизимини таъсис этувчи ҳуқуқий нормалар мажмуасидир.

Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи халқ бўлиб, давлат халқнинг иродасини ифодалайди, унинг манфаатларига хизмат қилади.

Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси – барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланишидир. Конституция ва қонунларнинг устунлиги принципи шуни англатадики, бунда барча жорий қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция асосида ва унга мувофиқ бўлиши талаб этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатни демократик йўлдан ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолатидир. Конституциявий меъёрлар ва қонунларнинг устуворлиги, улар инсон манфаатини кўзлаб иш тутишга ва шу доирада ижтимоий ўзаро муносабатларни мақбул ҳолга келтиришга йўналтирилганлиги мамлакатда барқарорликни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг, фуқаролик жамияти асосларини қарор топтиришнинг асосий омилидир.

Биз учун фуқаролик жамияти – ижтимоий макон. Бу маконда қонун устувор бўлиб, у инсоннинг ўз-ўзини камол топтиришига монелик қилмайди, аксинча ёрдам беради. Шахс манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла даражада рўёбга чиқишига кўмаклашади. Айни вақтда бошқа одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўйилмайди. Шунинг баробарида барча одамлар қонунларга сўзсиз риоя қилишлари шарт.

Демократик жамиятнинг истиқболи, биринчи навбатда, демократик қадриятлар ҳар биримизнинг қалбимиз ва онгимиздан қай даражада чуқур ўрин олишига, бу қадриятларнинг нечоғлик асраб-авайланиши ва келажак авлодларга етказилишига бевосита боғлиқдир.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга, шахс дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Лолахон КАРИМОВА,

Адлия вазирлиги масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img