ТаҳлилКонституция ва гендер тенглик

Конституция ва гендер тенглик

Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш учун институционал ва норматив-ҳуқуқий базалари яратилган.

Конститициямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеи, шахси ва манфаатларидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги белгиланган бўлса, Бош қомусимизнинг 46-моддасида эса хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлиги белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019-йил июн ойида Олий Мажлис Сенатидаги маърузасида: “…бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак – деб таъкидлаган эди.

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида 2019-йил сентябр ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шундай қилиб, Конституция ва халқаро стандартлардаги нормаларни амалга ошириш механизми сифатида 2021-йил 28-майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “2030-йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур Стратегияда давлатимизнинг 2030-йилгача гендер тенгликка эришилиши лозим бўлган мақсадли кўрсатгичлар белгиланган.

Ҳозирги пайтда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда. Шунга қарамасдан, глобал миқёсида, барча мамлакатларда инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, рақамли гендер тафовути глобал муаммолар қаторида бўлиб қолмоқда ва ҳатто рақамли гендер тафовути ёпилмагунча БМТ Барқарор Ривожланиш Мақсадларига (SDGs) тўлиқ эришиб бўлмаслиги таъкидланмоқда.

Халқаро электралоқа иттифоқи (ITU)нинг сўнгги маълумотларига коъра, дунёдаги Интернетдан фойдаланадиган аёллар улуши эркакларнинг 62 фоизига нисбатан 57 фоизни ташкил қилади. Нисбий нуқтаи назардан, бу Интернетдан фойдаланишда глобал гендер фарқи 8 фоизни ташкил қилади.

Шунингдек, бир қатор муаллифларнинг қайд этишича, рақамли иқтисодиёт шароитида STEAM деб аталувчи касблар (фан, технология, муҳандислик ва математика) жадал ривожланмоқда. Аммо ушбу соҳада ҳам гендер ассиметрияси мавжуд. Масалан, “эркак” учун деб ҳисобланувчи касблар таснифланган ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасида аёлларнинг улуши атиги 30 фоизи ташкил этмоқда.

Гендер рақамли тафовутни бартараф этиш, аёлларнинг СТЕМ соҳаларида иштирокини рағбатлантириш ва гендерга оид электрон хизматларни ривожлантириш бўйича самарали чоралар кўриш барча соҳаларда гендер тенглигини таъминлашнинг калитидир.

Ўзбекистонда хотин-қизларни IT-соҳасига жалб этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, шу боис жорий йилнинг июл ойида Тошкент шаҳрида аёллар учун янги “GAP” ИТ-клуби ишга туширилди. Мазкур клуб ташаббускорларининг мақсади IT-саноатда аёлларнинг борлиги муаммосини бартараф этиш, IT-касбларини аёллар ва ёш қизлар учун очиқ ва қизиқарли қилиш, шу орқали IT-соҳасидаги рақамли гендер тафовутини камайтиришдан иборатдир. IT-секторининг имкониятларини коърсатиш ва хотин-қизларни иш қидиришда қоъллаб-қувватлашдан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-январдаги ПФ-60-сон қарори билан тасдиқланган 2022-2026-йилларда Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг 69-мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш белгиланган.

Бунда, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга оширишга оид Давлат дастурида аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда давом этаётган конститусиявий ислоҳатлар жараёнида мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган янги қоидаларни Асосий қонунимизда мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда. Жумладан, Конститусиянинг 46-моддасини Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди деган норма билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

Ушбу нормани киритилишининг зарурияти нимада?

Бу ўринда БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг: “Қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда” деб айтган сўзларини эслаш ўринли бўлади.

Сўнгги йилларда далатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг эркаклар билан тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилиниши эса бу соҳадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

190 та давлат парламентларини бирлаштирган Парламентлараро иттифоқ маълумотига кўра, Ўзбекистон парламентида аёллар иштироки кўрсатгичи бўйича 128 ўриндан 45 ўринга кўтарилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Конститусияда хотин-қизларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаши хотин-қизларимизнинг давлат ва жамият ишларида ҳеч бир тўсиқларсиз муносиб иштирок этишига, ўз билим ва салоҳиятини намоён этишига, жамиятимиз ва давлатимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишига муҳим кафолат бўлиб хизмат қилади. Хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиши уларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши ва ўзига бўлган ишончини ортишига олиб келади.

Бунда хотин-қизларга тазйиқ ўтказилиши, куч ишлатилишига нисбатан жамиятда муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни давом эттиришга оид аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали жамиятда қотиб қолган гендер стереотипларга барҳам бериш давлатимиз ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Шахсанем Салиева,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат
хавфсизлиги университети
мустақил тадқиқотчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img