ТаҳлилКонституция ва қонун устиворлиги - ҳуқуқий давлатнинг мустаҳкам белгиси

Конституция ва қонун устиворлиги – ҳуқуқий давлатнинг мустаҳкам белгиси

Давлат мавжудлигининг белгиларидан бири унинг қонунчилигидир. Қонунчилик асоси эса, албатта Конституция ҳисобланади.

Демократик фуқаролик жамиятни қуришни мақсад қилиб қўйган ҳар қандай давлатнинг асосий вазифаларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонунларда тўлиқ белгиланиши ва уларнинг таъминланиши учун шарт-шароитларнинг яратилишидир.

Бизнинг давлатда ҳам энг аввало Конституцияда қонун устуворлиги мустаҳкамланган.

Конститутсиянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”, – деб белгилаб қўйилган.

16-моддада эса бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Демак, қонун устуворлиги тушунчасининг қонунчилигимизга киритилиши ҳам биринчи навбатда Конституциядан бошланган. Чунки Конституция энг асосий қонун ҳужжати. У давлат тузилишини, халқ ҳокимиятчилиги,  фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими ва  ваколатларини, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатларини, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини сайлов ва суд тизимини белгилаб беради.

Бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар Конституцияга асосан қабул қилинади. Масалан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунда ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи жиҳатдан Конститтусия биринчи ўринда туради.

97 та мамлакатнинг илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳуқуқий давлатнинг мустаҳкам белгиси ҳисобланади.

Ҳуқуқий давлатчилик бўлиши учун қонунийликни мустаҳкамлаш, бунинг учун эса бир қатор вазифаларни бажариш лозим бўлади.

Қонунийликни мустаҳкамлаш жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу ҳар бир шахсда қонунларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришни англатади.

Бундан ташқари, давлат органлари қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари қонунларга тўлиқ мувофиқ бўлиши, ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахсларда Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватласҳ, одил судлов тизимини чинакам мустақиллигини таъминлаш, давлат органларининг кундалик фаолиятида очиқлик ва ошкораликни кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айлантирисҳ ҳуқуқий давлатнинг муҳим вазифаларидан бири.

Буларнинг барчасининг асоси эса бош қомусимиз бўлмиш Конституцияга бориб тақалади.

Шунинг учун ҳам Конституция ва қонун устиворлиги ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан биридир.

С.Искандаров,
Бухоро вилоят адлия бошқармаси
масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img