Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонҚонун билан Конституциявий суд фаолиятида муҳим ўзгаришлар...

Қонун билан Конституциявий суд фаолиятида муҳим ўзгаришлар бўлди

Мамлакатимиз ҳудудида учта ҳокимият тармоғи мавжуд бўлиб, улар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятидан иборат.

Давлат ҳокимияти органлари тизимининг самарали фаолият юритиши  ушбу тизим фаолиятини мониторинг ва назорат қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий механизмисиз деярли мумкин эмас. Ушбу механизм бошқа нарсалар қатори норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, шунингдек, қарор ва фармойишларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларига мувофиқлигини текширишга қаратилган бўлиши керак. Фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолияти шундай механизм бўлиб хизмат қилади.

Конституциявий суд ваколатлари Конституция билан ҳуқуқий тартибга солиниши Ўзбекистон Республикасининг демократик тизимга эга давлат сифатида мавжудлигини таъминлайдиган, ушбу органнинг алоҳида позициясидан далолат беради. Бундан ташқари, ушбу орган сиёсий жараёнда давлат тизимининг барқарорлигини таъминлайди, бу ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Мазкур ҳолат эса Конституциявий суд давлат органлари тизимида алоҳида мавқени эгаллашини кўрсатади, бироқ уни суддан ажратиб, мустақил орган деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 27 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун Конституциявий суд фаолиятини тартибга солиш жараёнини янги босқичга олиб чиқди. Мазкур қонун билан ушбу орган фаолиятига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар тасдиқланган.

Қонуннинг янги таҳрири 13 боб ва 101 моддадан иборат (эски таҳрир – 5 боб ва 45 моддадан иборат).

Қонун билан қуйидаги ўзгартишлар тасдиқланди:

  1. Суд таркибига киритилган судьялар сони, раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда, 7 нафардан 9 нафаргача оширилди.
  2. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати навбатдаги сайланганида 10 йилни ташкил этади.
  3. Конституциявий суд судьяларга малака даражаси бериш тартиби такомиллаштирилган. Жумладан, Конституциявий суд судьясига олий ёки биринчи малака даражаси берилади. Биринчи малака даражасини, қонуннинг эски таҳриридан фарқли равишда, Конституциявий суд томонидан бериш ҳуқуқи (тартиби) белгиланди.

Одил судлов, хусусан, конституциявий одил судловни амалга оширишда асосий тамойиллардан ҳисобланган Конституциявий суд судьялари дахлсизлиги институти тубдан такомилаштирилди. Қонунда белгиланишича, Конституциявий суднинг судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Мазкур норма бир қатор процессуал қонун ҳужжатларига ўзгаришлар қиритилишини тақозо этади.

Давлат ҳокимияти идоралари даражасидаги ҳамкорлик ҳам Қонун билан тартибга солинган, яъни Конституциявий суд раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг, уларнинг органларининг, шунингдек, Олий суд Пленумининг мажлисларида иштирок этиши мумкин.

Конституциявий одил судловни амалга ошириш бўйича янги ёндашувларнинг мазмун-моҳияти қуйидаги нормаларда ўз ифодасини топган:

  1. Конституциявий суд ишларини юритиш коллегиал тарзда амалга оширилади;
  2. Конституциявий судга мурожаатга қўйиладиган талаблар, илова қилинадиган ҳужжатлар, уларнинг кўриб чиқиш тартиби ва рад этиш асослари алоҳида боб билан тартибга солинади.
  3. Қонун билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати кенгайтирилган. Жумладан, ҳисоб палатаси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ушбу органга бевосита мурожаат этишга ҳақли.

Қонунга кўра, фуқаролар ва юридик шахслар уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

 

Камолиддин РАҲИМОВ,
жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз