Бош саҳифаМуҳимҚонун қабул қилинди

Қонун қабул қилинди

2021 йил 4 октярбь куни Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи Қонун қабул қилинди.

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун белгиланган жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Яъни бундай ҳаракатларни содир этган шахслар:
▪️БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима (илгари фақат 50 бараваригача);
▪️1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 1 йилгача);
▪️1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди (илгари 1 йилгача).

Ушбу Қонун қабул қилингач ижтимоий тармоқлар орқали турли хил фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, кенг муҳокамалар келиб чиқмоқда.

Сўнги йилларда ҳокимият вакилига нисбатан фаол қаршилик кўрсатиш жиноятларининг сони ошган, жумладан

▪️2019 йилда – 243 тани,
▪️2020 йилда эса 251 тани ташкил этмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тажовуз кайфияти ҳам ортиб, 2018 йилдаги 24,1 минг ҳолат содир этилган бўлса, 2020 йилда 39 минг ҳолатни ташкил қилмоқда.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги матубот котиб Севара Ўринбоева томонидан брифингда маълумот берилди.

Ҳокимият вакили бу – давлатнинг бирон-бир ҳокимият органининг номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида фуқаро ёхуд мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ҳуқуқига эга бўлган шахсдир.

Буларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа давлат бошқаруви органлари ходимларини киритиш мумкин.

Фуқаровий бурчини бажараётган шахс деганда, давлат ҳокимияти ёки бошқарув органлари ва жамиятга ёрдам бераётган, ўзининг конституциявий ёки бошқа қонуний мажбуриятларини бажараётган ҳар қандай шахс тушинилади.

Мисол учун ҳуқуқбузарликнинг олдини олган, содир этилган ёки тайёрланаётган жиноят тўғрисида ёхуд қидирилаётган шахс турган жой ҳақида ҳокимият органларига хабар берган шахсларни келтиришимиз мумкин.

Фаол қаршилик кўрсатиш деганда ҳокимият вакили ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахснинг ўз вазифаларини адо этишига тўсқинлик қилишга қаратилган ҳаракатлари, масалан, жиноятчини ушлашга, жиноят қуролларини тортиб олишига, тинтув ўтказилишига тўсқинлик қилишни ёки эркинликларини чеклашни тушуниш мумкин.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз