Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқҚонун ҳужжатлари тарғиботи учун фақат адлия масъулми?

Қонун ҳужжатлари тарғиботи учун фақат адлия масъулми?

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш – жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири.

Ҳуқуқий онг фуқарони ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланиш ва талаб қилиш, адолат излаш, ҳукуматни ҳисобдорликка чақириш йўлида қуроллантиради.

Шахс қачонки ўз ҳуқуқини билса, қонунлар моҳиятини тушунса, талаби ҳам шунга яраша юқорироқ, қадами ҳам дадилроқ бўлади.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда жамиятимизда ҳуқуқий онг ошяптими деб савол ўртага ташланса, сезиларли даражада ошяпти деб айтишга тўлиқ ҳақлимиз.

Бугун очиқликка қараб кетаётганимиз, мансабдорларнинг ҳисобдорлигининг ошганлиги, ахборот алмашинувининг тезлашганлиги, яъни катта хажмдаги ахборотлар информацион майдонда айланаётгани айни жараён ҳақида шундай фикр билдиришга асос бўлади.

Шу ўрнида давлат аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга ҳаракат қилар экан, ўзи ҳам шу талабларга қараб ўзгариши, ўз фаолиятини яхшилаши ҳамда жамиятнинг талаби ошишига ва бу талабни қондиришга тайёр туриши керак.

Мазкур жараёнларда Адлия вазирлиги ҳам ўз ўрни ва масъулиятини ҳис қилган ҳолда вазифаларини изчил амалга ошириб келмоқда. Биргина 2020 йил давомида адлия органлари томонидан 334 821 та манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Сир эмаски, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида, ачинарлиси айрим раҳбар кадрларда шундай бир фикр пайдо бўлган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, ҳуқуқий тарғиботни қилиш адлиянинг иши”. Ва мана шу нотўғри талқин орқасидан айрим масъул идоралар томонидан ҳуқуқий тарғибот ҳолати ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ваҳоланки, Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Шу сабабли жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш учун фақатгина адлия органлари масъул, бошқа давлат органларининг аҳолига ҳуқуқий ахборотни еказишда масъулияти йўқ – деган асоссиз фикр ўзини оқламайди.

Биринчидан, қонун бунга йўл қўймайди.

“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонунга кўра вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўз соҳа фаолиятига доир
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича зарур ишларни ташкил этиши белгиланган.

Қонунчилигимизда ҳар бир соҳа бўйича масъул давлат органларининг вазифалари аниқ белгиланган. Масалан, cолиққа оид ҳужжатни Давлат солиқ қўмитаси, тиббий соҳага оид ҳужжатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги, суд-тергов, процессуал қонунчиликни суд, прокуратура, ички ишлар органлари тарғибот қилиши керак. Қонун талаби – шу.

Иккинчидан, барча қонун ҳужжатларини тарғиб қилиш учун адлия органларида ресурс етмайди.

Бугунги кунда 17 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бор. Барча адлия органлари ходимлари фақат тарғибот билан машғул бўлганида ҳам, аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Мазкур ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг аҳолига етказиш учун адлия органлари ходимларида вақт ҳам молиявий ресурслар ҳам чегараланган.

Учунчидан, аҳолини қизиқтирадиган қайси ҳуқуқий соҳа бўйича етарлича ахборот берилмас экан, мазкур давлат органига аҳолининг мурожаатлари ҳам кўпаяди.

Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар статистикасига кўра энг кўп мурожаатлар моддий ёрдам, ижтимоий нафақалар, алимент ундириш, порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, талон-тарож ва қалбакилаштириш масалаларида бўлган.

Мурожаатларнинг аксарияти ҳуқуқий билимлар етишмаслигидан бўлади, чунки халқ билмайди ўша соҳани. Бу ҳолат давлат органига нисбатан ишончсизликни ҳам пайдо қилади.

Шундай экан қонун талаби ҳам, жамият талаби ҳам шу – ҳар бир давлат органи ва ташкилоти аҳолига ўз соҳаси бўйича ҳуқуқий ахборотни етказиши лозим.

Дилфуза ЭРГАШЕВА,
Журналист

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз