Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда ва ҳуқуқий ахборотни тарқатишда, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришда қонун ҳужжатлари билан боғлиқ айрим ҳолатлар талқин қилинганда ноаниқлик юзага келса, жамоатчилик фикри чалғиши, аҳолининг давлат органларига ишончсизлиги ортиши табиий.
Мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ҳуқуқий тарғиботнинг қай даражада ривожланганлигини ўрганиш ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бир назар ташлаш мақсадга мувофиқдир.
Хусусан, Конституциянинг 30-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги белгиланган. Юридик жиҳатдан энг олий кучга эга ҳужжатда мазкур норманинг акс эттирилиши фуқароларнинг ахборот олиш эркинлигига кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш бўйича давлат сиёсатини муваффақиятли амалга ошириш, бир томондан, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳуқуқий билимларнинг муайян даражасини ўзлаштириб олиши учун зарур бўлган шарт-шароит яратишни, иккинчи томондан — турли ижтимоий гуруҳларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий маорифни табақалаштириш мақсадида Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан Адлия вазирлигига қонун ҳужжатларини фуқароларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, судлар, адлия органлари, жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ўз вақтида етказиш ваколати юклатилди. Лекин ҳуқуқий тарғибот борасида аниқ бир тизим, аниқ бир йўналиш белгилаб берилмаган эди.
2017 йилга келиб ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тизими янада такомиллаштирилди, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ижрочилар ва аҳолини қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги ҳуқуқий ахборот билан таъминлашнинг сифатини ошириш, ушбу соҳадаги ишларни ташкил этишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида Президентимизнинг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарорга кўра қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек, тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш ва ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилиши устидан доимий назоратни амалга ошириш вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳим вазифалари сифатида белгиланди. Бунда Адлия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этиладиган рўйхатдаги давлат идоралари ва ташкилотларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни етказиб берувчи асосий идора сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш ишларини тизимли ва узвий ташкил этиш мақсадида Президентнинг 2019 йил 9 январдаги 5618-сонли фармони билан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” Концепцияси тасдиқланди. Мазкур Концепция ҳам ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди. Сабаби аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратиш зарур эди.
Ҳуқуқий ахборотни тарқатишни янада кучайтириш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Адлия вазирлиги қошида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази қайта ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги 678-сонли қарори билан Марказ фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ҳал этилди. Мазкур қарор асосида Марказга ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш, тарғибот йўналишида креатив ғоялар асосида, замонавий стандартларни қўллаган ҳолда ўзгача ёндашувлардан фойдаланиш каби муҳим вазифалар юкланди.
Мазкур марказга “миллий” мақоми берилиши ҳам бежиз эмас. Марказ аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида Адлия вазирлигининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш эканини алоҳида таъкидлади. Қонун ва қарорларни нафақат давлат идоралари масъуллари, балки барча фуқаролар билиши, англаши ва уларни ўз ҳаётида татбиқ этиши зарур. Чунки ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий ва муҳим талаби шундай.
Бунинг учун энг аввало қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушуниш ва тушунтириш, барчага содда ва оддий тилда етказишга эътибор қаратиш талаб этилади. Жумладан, бунда қонунлар тарғиботи, ўз-ўзидан ҳуқуқий тарғиботнинг роли яна бир карра ошганлигини эътироф этиш зарур. Қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик биринчи галда турли соҳа вакилларининг ўз ишига, вазифасига бўлган муносабатини ўзгартиришини тан олиш керак.
Бу борадаги аниқ топшириқларни ўзимизга аллақачон белгилаб олганмиз. Мурожаатномада таъкидланган “Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда”, деб номланган кўрсатувнинг илк сони эфирга узатилди.
Марказимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар тўплами”, “Инсон ва қонун” газетаси, “Ҳуқуқ ва бурч” журнали, турли юридик адабиётлар, дарсликлар, шарҳлар ва турли қўлланмалар тайёрланмоқда. Бу борада кўп йиллик фаолият давомида 900 га яқин номдаги 10 миллион нусха юридик адабиёт нашр этилган, йилига 100 га яқин китоб ярмаркалари ўтказилган, ҳозирда 500 дан ортиқ номдаги адабиётлар мавжуд бўлган юридик адабиётлар дўкони фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда ахборот тарқатишнинг энг қулай воситалари орасида ижтимоий тармоқларнинг ҳам аҳамияти ортиб бормоқда. Шу боис, бугун Марказ томонидан юритилаётган “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-канали мамлакатдаги дастлабки, ишончли ҳуқуқий манбалардан бири бўлиб қолмоқда. Айни пайтда ушбу каналнинг ўзбек тилидаги версиясини 200 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатиб боради. Каналнинг ўзбек тилидан ташқари, лотин алифбосидаги, рус ва инглиз тилларидаги версиялари ҳам ишлаб турибди. Hudud24.uz, bolahuquqlari.uz, huquqiyportal.uz, test.adliya.uz сингари сайтларимиз самарали фаолият юритмоқда. Умуман олганда, ҳозирда “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказиниг ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилари сони 300 минг нафарга яқинлашди.
Шунингдек, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш бўйича кўргазмали материаллар, инфографикалар, комикслар ва аудиовизуал роликлар тайёрланмоқда. Имконияти чекланган, кўзи ожиз шахсларга ўз ҳуқуқларини тушунтиришга кўмаклашиш мақсадида грант маблағларини жалб қилган ҳолда брайл алифбосида 2 жилдлик “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” 2 минг ададда нашр этилди.
Мазкур тўплам Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ташкилот ва муассасаларига, халқ таълими, олий таълим муассасалари ҳамда йирик кутубхоналарга етказиб берилади.
Ҳуқуқшуносларимиз томонидан ягона вақт режимида аҳолидан келиб тушаётган саволларга “Шу ерда ва ҳозироқ” тамойили бўйича жавоблар бериб борилмоқда. Мазкур савол-жавоблар таҳлил қилиб борилиб, келгусида кўп такрорланган ёки долзарб бўлган мавзулар бўйича қўлланмалар чоп этилади.
Шу билан бирга ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида хорижий тажрибадан самарали фойдаланиш ва янги таклифларга таянган ҳолда фаолиятни амалга ошириш ҳам фойдадан холи эмас.
Масалан, Белорусь Республикасининг барча вилоятларида минтақавий ҳуқуқий ахборот марказлари мавжуд бўлиб, уларнинг асосий вазифалари ҳуқуқий ахборот тизимини яратиш ва ривожлантиришда иштирок этиш, маҳаллий давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органларига, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга ҳуқуқий ахборот материалларини тарқатиш (етказиб бериш), маҳаллий давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни йиғиш ва эълон қилишдан иборат.
Шунингдек, ҳозирги кунда Қозоғистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузурида Қозоғистон Республикаси Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборот институтининг фаолияти йўлга қўйилган. Институт ҳудудий филиалларининг асосий вазифалари республикада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ягона давлат ҳисобини юритиш, шунингдек, ҳудудий маълумотлар базаларини шакллантириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг замонавий компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондиришдан иборат.
Президентимиз томонидан ҳар бир вазирлик ва идора зиммасига ўз фаолиятини маҳаллабай тизимда ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу ҳуқуқий ахборотни аҳолига етказишда муҳим аҳамиятга эга, албатта. Шунинг учун бу тизимни халқимизга янада яқинлаштириш мақсадида миллий ҳуқуқий ахборот марказимизнинг жойлардаги бўлинмаларини ташкил этиш бу борадаги ишларимизни янада жонлантириш учун зарур шарт-шароит яратади ва қуйидагиларни “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази филиалининг асосий вазифаси этиб белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади:
— жамиятда аҳоли ва ижрочиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳиятини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг ёритиш бўйича ахборот-таҳлилий медиа материалларни, шу жумладан, аудио ва видеороликлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажларни тайёрлаш ва тарқатиш;
— миллий базага маҳаллий давлат органлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва суд қарорларини расмий нашр этилишини таъминлаш, уларнинг туркумлаштирилган ҳисобини ва назорат нусхаларини электрон шаклда юритиш;
— фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда хизматлар кўрсатиш, маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмасига кўра шартнома асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда бошқа ҳуқуқий ва бошқарув ҳужжатлари намуналарини тайёрлаш, шунингдек ижтимоий-ҳуқуқий ахборотларни кенг ёритишга қаратилган медиа материалларни тайёрлаш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш.
Шундагина ҳуқуқий тарғибот бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан самаралироқ ва фойдалироқ бўлиши муқаррар.
Шерзод БАҲРОНОВ,
Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази директори ўринбосари