Бош саҳифаТаҳлилҚонунчиликдаги барча ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилади...

Қонунчиликдаги барча ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилади – Янгиланаётган Конституцияда инсонпарвар қоидалар

Жамиятимизнинг бугунги тараққиёт босқичи унинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ҳаётидаги ўзгариш, янгиланиш билан боғлиқ ҳолатлар табиий тарзда рўй бермоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан бош қомусимиз – Конституцияни инсон қадри учун хизмат қиладиган янги нормалар билан ислоҳ қилиш ташаббуси ҳам айни бугунги Янги Ўзбекистон ислоҳотларига ҳамоҳанг бўлди.

Конституциявий ислоҳотлар замирида аввало инсон қадри ётганини унга киритилаётган ҳар бир янгиликдан кўриш мумкин.

“Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади”.

Лойиҳада мавжуд ушбу норма ҳам фикримиз исботидир. “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида олиб борилаётган ислоҳотларнинг конституциявий норма сифатида белгиланиши айни жараённинг қанчалик долзарб эканлигидан далолат беради.

Ҳуқуқий жамиятда инсон ва давлат ўртасидаги барча муносабатлар аниқ қоидаларга асосланади. Шуни ҳам айтиш керакки, бугунги мураккаб глобаллашув жараёнида шундай муносабатлар бўладики уларни олдиндан кўра билиш мушкул ва бу ўз ўзидан уларни ҳуқуқий тартибга солиш қамраб олмаганини англатади. Мана шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда ушбу тамойил одатда жиноят процесси қатнашчилари, тадбиркорлар ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида кенг қўлланилиб келинмоқда. Эндиликда ушбу тамойилнинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланилиш доирасини кенгайтиради ва инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга талқин этиш имконини беради.

Ушбу принципнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши, инсон қадрини улуғлашга, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга хизмат қилади.

Умуман олганда, Янгиланаётган Конституция бугунги даврнинг ижтимоий-сиёсий тузилишига мутлақо мос келади ва ислоҳотларнинг барқарор натижасига эришиш кафолатига айланади.

Дилмурод Ражабоев,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз