Қува туманида яшовчи Б.Рўзиев (исм-шарифи ўзгартирилган) 50 ёшда, маҳалладаги масжиднинг имоми, диний илмни ўрганган ва барча ҳурмат қиладиган инсон. Б.Рўзиевнинг жамиятдаги мавқеи, диндан бохабарлиги ва унга амал қилгани сабабли, маҳалладаги турли маросимларнинг тўридан унга жой ажратилган. Шундай маросимларнинг бирига чақирилган Б.Рўзиевга тўй эгаси ўз “дардини” ёрди:
— Ҳожи ака, келиним яшамаслигини айтиб, уйимиздан кетиб қолганига олти ой бўлди, ўғлим хотинсиз, биз эса келинсиз қийналиб кетдик, ўртада фарзандлар борлиги сабаб суд эр-хотинни ажралишига рухсат бермаяпти. Шунга ўғлимни бошқа қизга уйлаяпмиз, илтимос уларни никоҳлаб қўйсангиз, сизни ҳам қуруқ қўймаймиз.
Б.Рўзиев мезбонни кўп ялинтирмади, “савоб ишни ҳар доим қилиш керак” — дедида, дуо ва суралардан ўқиб, икки ёшни никоҳланганини эълон қилди. Албатта, имом никоҳни бекорга ўқимади, унга берилган “хизмат ҳақи”ни ва катта тугунни орқалаб уйига кетди.
Кўп ўтмай, эрини қонуний никоҳлари бекор бўлмай ва фарзандларини ҳам ўйламай бошқа қизга уйланиб олганини эшитган келин, фарзандларини етаклаб олиб, тегишли идораларга бош урди, номард эри ва уни бошқа қизга никоҳлаган имом устидан арз қилди. Ҳолат бўйича суриштирув ўтказилди ва тўпланган ҳужжатлар судга юборилди.
ЖИБ Қува тумани судида Б. Рўзиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 201-моддаси 2-қисми билан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди ва ҳуқуқбузарга қилмишига яраша жазо тайинланди.
Дин вакилларида, хусусан имомларда бошқаларга нисбатан меҳр кўрсатиш, яхшилик қилиш, умуман дин учун хизмат қилиш ва уни тарғиб этишга интилиш кучли бўлади. Аммо имом-домла аввалига шу оилани яраштириш, эру хотинга ва оиланинг бошқа аъзоларига бу борада насиҳат қилиш йўлини тутса бўлмасмиди? Унинг биргина “савоб” учун содир этган қилмиши туфайли бузилиб кетган оилани қайта тиклаш имкони борми? Агар биринчи оила тикланса, имомнинг шарофати билан бунёд бўлган янги оила тақдири қандай кечади? Хуллас, ҳуқуқбузар имомнинг арзимас туйилгандек қилмиши шундай бош қотиришга арзирли кўплаб саволларга сабаб бўлди.
Зафар Омонов,
жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди раиси