Бош саҳифаLife Style«Қора китоб» ҳақида эшитганмисиз?

«Қора китоб» ҳақида эшитганмисиз?

Қизил китобдан ташқари, қора китоб ҳам мавжуд. Унга инсоннинг ҳалокатли фаолияти туфайли Ер юзидан абадий ғойиб бўлган ҳайвонлар ва ўсимликлар киради.
Қора китобга кирган жонифорлардан бири Турон йўлбарсидир.

Дунёда энг охирги турон йўлбарси 1970 йилларда, Қорақалпоғистонда эса 1957 йилда отиб ўлдирилган.
Ҳозирда Турон йўлбарсининг фақат қотирилган нусхасини Қорақалпоғистон маданияти ва тарихи музейида кўриш мумкин.

Дунёда 7 та йўлбарс тури мавжуд: амур, хитой, суматра, ява, баш, ҳинд (бенгал) ва турон. Турон йўлбарси Амур йўлбарсидан кейин иккинчи ўринда турадиган энг йирик йиртқичдир.
Турон йўлбарсининг узунлиги 180-280 см, думи 90 см, салмоғи эса 220-300 кг. Ҳаракатчанлиги оқшом тушиши билан тонггача бўлган. Турон йўлбарси 1940 йилларга қадар Қорақалпоғистоннинг 30 дан ортиқ ҳудудида учраб турган. Улар асосан Амударё дельтасидаги тўқайзорларда, чангалзорларда, баландлиги 4-7 метр келадиган қалин қамишзорлар орасида яшаган.

Турон йўлбарси одамга биринчи бўлиб ташланмайди, яраланганда ёки қувғинга учрагандагина ҳужум қилиши мумкин. Сувда яхши сузади, овга фақат қоронғу тушганда чиқади.
Турон йўлбарсининг қирилиб кетишига ХIХ асрда одамларнинг Марказий Осиёга оммавий миграцияси сабаб бўлган. Кўпчилик ҳолларда йиртқич ҳайвонларни ҳарбийлар отиб ташлашган. Чунки йиртқичлардан азият чеккан маҳаллий аҳоли ҳарбийлардан уларни отиб ташлашни сўраган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун ўрмонзорларнинг кўп миқдорда қирқиб ташланиши уларнинг яшаш жойларидан маҳрум қилинишига ва озуқасидан айрилишига олиб келган.

ekolog.uz сайти маълумотлари асосида тайёрланди.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз