Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонКоррупцияга қарши курашда Сингапур тажрибаси

Коррупцияга қарши курашда Сингапур тажрибаси

Коррупция бутун дунё ҳамжамияти учун хавф туғдирувчи омилдир. Ушбу муаммо сўнги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзу ҳисобланади. Ҳатто, айрим сиёсатчилар томонидан коррупцияга глобал инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида ҳам таъриф берилади. Коррупциянинг халқаро муносабатларга таъсирини ўрганган тадқиқотчилар эса, ривожланган “биринчи дунё” мамлакатлари коррупция ёрдамида ўзларига маъқул келмаган ҳукуматларни ағдариб ташлаши, ўзларига хайрихоҳ режим ўрнатиши, амалдаги ҳокимиятга оппозицияни моддий таъминлаш имкониятига эга бўлади деган хулосани билдиришган.

Коррупцияга қарши курашиш турли мамлакатларда турли йўналишларда олиб борилади. Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганишда шуни кўрсатадики, коррупцияни олдини олишга ва унга қарши курашишга қаратилган ислоҳати, маъмурий-ҳуқуқий мақомига эга давлат хизматчисининг ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Масалан, АҚШ ва Сингапур коррупцияга қарши курашда энг мувоффақиятга эришган мамлакатлардан бири хисобланади.

АҚШда коррупцияга қарши курашга қаратилган махсус қонун ҳужжати қабул қилинган. “Foreign Corrupt Practices Act” деб номланган мазкур қонун ҳужжати Америка компанияларини шартномалар тузишда имтиёзлар ва кафолатлар олишда хорижий мансабдор шахсларга пора берганлик учун жавобгарлигини белгилайди.

Сингапур хорижий инвестицияларни мамлакатга жалб қилиш учун уларни нотўғри мақсадларда фойдаланиш имкониятини йўққа чиқарди. Трансперенси Интернейшнл (Transparency International) ташкилоти эълон қилган 2009 йил мамлакатларнинг коррупциялашганлиги даражасини акс эттирувчи рейтингда Сингапур коррупция даражаси паст бўлган учинчи, Осиё мамлакатлари ичида эса, биринчи ўринда туриши қайд этилди. Мамлакатда содир этилган айрим коррупция ҳодисалари рўй берганда унинг иштирокчилари тергов қилиниб, айбдорлар судланиб жазога тортилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, коррупцияга қарши кураш узлуксиз давом этмоқда. Сингапурда коррупцияга қарши курашга раҳбарлик бевосита сиёсий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади ва бу жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланади. Коррупцияга қарши курашга ихтисослашган орган Коррупция ҳодисаларини тергов қилиш Бюроси ҳисобланади. Бу мустақил орган коррупция билан боғлиқ ишларни тергов қилади ва Сингапур иқтисодиётининг давлат ва хусусий секторида унинг олдини олиш чора-тадбирларини кўради. Бюро 1952 йилда ташкил этилган, унинг ваколатлари “Коррупциянинг олдини олиш тўғрисида”ги Актда белгилаб қўйилган. Унинг раҳбари директор ҳисобланади ва бевосита Бош вазир олдида ҳисобдор саналади. Бу бирор-бир вазирнинг унинг фаолиятига аралашишига, терговни тўхтатиш ва бошқача таъсир қилиш мумкин эмаслигига хизмат қилади. Бюрога давлат хизматида ҳалоллик ва сотилмаслик принципи амал қилиши, хусусий секторда коррупция аралашмаган битимлар тузилиши учун жавобгарлик юклатилган. Шунингдек, унинг вазифалари қаторига давлат мансабдор шахсларининг ўз вазифаларини суистеъмол қилиш ҳолатларини текшириш ва шундай ҳолатлар аниқланганда тегишли органларга интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида маълумотлар бериш вазифалари ҳам киради. Бюро давлат органларининг коррупциялашиши сабабларини, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган давлат хизматининг заиф томонларини ҳам ўрганади. Сингапурда (Молия вазирлиги) 1973 йил июл ойидан бошлаб махсус коррупцияга қарши кураш Дастури амалга оширила бошланган. Дастурда қисман қуйидагилар назарда тутилган эди: фуқаролар ва ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни турли хил сансалорликлар ва судрашларга йўл қўймаслик мақсадида такомиллаштириш; юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қуйи турувчи мансабдор шахслар устидан назоратни амалга оширишда ошкораликни таъминлаш; барқарор коррупциявий боғланишларнинг олдини олиш мақсадида мансабдор шахслар ротациясини киритиш; тўсатдан текширишлар ўтказиш; коррупцияга қарши курашда муҳим ҳисобланган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш; коррупцияга қарши кураш чоралари мажмуини ҳар 3-5 йилда қайта кўриб чиқиш.

Мадина Файзиева,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз