Бугунги кунда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бутун дунёда долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Зеро, давлат раҳбари Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “коррупциянинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”.
Коррупциявий жиноятлар нафақат миллий, балки халқаро даражадаги хавф ҳисобланади. Миллий доирадаги хавф сифатида, коррупция давлатнинг ривожланишига тўсқинлик қилиб, халқнинг давлат органларига нисбатан ишончини сусайтирса, халқаро даражадаги хавф сифатида давлатлар ва миллатлар ўртасида низоларнинг авж олиши, сиёсий беқарорлик, халқаро нормалар ва умумэътироф этилган принципларнинг қўпол равишда бузилишига сабаб бўлади.
Шу ўринда эътироф этиш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш янада жадал тус олди. Энг аввало, 2008 йил 7 июлдаги Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истамбул ҳаракат дастури аъзосига айланди.
Коррупцияга қарши курашнинг янги босқичи Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев ташаббусига кўра 2016 йил 14 октябрда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ҚЛ-164-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси киритилганлиги билан бошлаб берилди. Зеро, мазкур ҳужжат коррупцияга қарши курашишнинг давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътироф этилганлигини англатар эди.
Мазкур лойиҳага асосан, 2017 йилнинг 3 январида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сонли Қонун қабул қилинди. Бу билан, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси 5-моддасида кўрсатилган талаблар бажарилди. Шундай қилиб, коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг барча тегишли халқаро стандартларни ўз ичига олган, замон талабларига жавоб берувчи, хорижий аналогларидан қолишмайдиган даражадаги қонуний асоси яратилди.
Қонуннинг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг таркиби тасдиқланиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, коррупциявий жиноятларнинг йилдан йилга сезиларли равишда камайишига эришилмоқда. Жумладан, ўтказилган тадбирлар натижасида 2019 йилда жами 994 та жиноят иши бўйича 1339 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 40 нафари республика, 115 нафари вилоят 1184 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар ва идораларда ишлаб келган. Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 660 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 167 нафари фирибгарлик, 135 нафари солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш, 127 нафари пора олиш-бериш ёки унда воситачилик қилиш, 47 нафари мансабни суиистеъмол қилиш, 25 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 22 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 11 нафари мансаб сохтакорлиги ва 145 нафари бошқа жиноятлари учун жавобгар бўлган. Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 853 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 1 трлн. 746 млрд. сўми ёки 94,1 фоизи ундирилган.
Жорий йилнинг 3 ойи давомида эса, республика бўйича жами
87 та жиноят иши бўйича 115 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг
4 нафари вилоят ва 111 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган. Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 50 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 21 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 7 нафари фирибгарлик, 6 нафари мансаб сохтакорлиги, 3 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 1 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ва 27 нафари бошқа жиноятларни содир этишган. Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 51,3 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 18,3 млрд. сўми ундирилган.
Соҳада амалга оширилган ишлар самараси халқаро доирада ҳам эътироф этиб келинмоқда. Зеро, мамлакатимиз “Transparency International” коррупцияга қарши ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индекси (Corruption Perception Index)да 2015-2019 йилларда 19 балдан 25 балга яъни, олти балл юқорилаб 180 мамлакат ичида 153-ўринга юқорилади.
Аммо мазкур кўрсаткичлар етарлича бўлмасдан, коррупцияга қарши курашишдан кўзланган натижага эришиш ва бу борада Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада яхшилашга бир қатор муаммоларнинг мавжудлиги тўсиқ бўлмоқда. Шундай муаммоларнинг бир нечтасига қуйида тўхталамиз.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан “коррупция” тушунчасига расмий таъриф берилди. Зеро, Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, “коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”дир.
Мазкур таъриф халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, “коррупция” атамасининг мазмунини очиб берувчи энг муҳим элементларни тўлиқ қамраб олган. Аммо амалдаги жиноят қонунчилигимизда мавжуд бўлган коррупциявий жиноятларга оид моддаларнинг диспозициялари ушбу таъриф ва умуман олганда бугунги кун антикаррупцион сиёсати талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Жумладан, Жиноят кодексининг 210-моддаси пора олишга мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши, дея тариф беради.
Бунда, қонун чиқарувчи пора олиш жинояти нафақат пора бераётган шахс, балки ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилиши мумкинлигини эътиборга олмаган.
Шунингдек, кодексда пора предмети сифатида фақатгина моддий қимматликлар ва мулкий манфаат эътироф этилган. Ваҳоланки, юқорида коррупция тушунчасига берилган таърифдан кўриб турганимиздек, мазкур жиноят номоддий наф олиш мақсадида ҳам содир этилиши мумкин. Шу каби муаммоларни ЖКнинг 1929-19210, 211, 213-214-моддалари диспозицияларида ҳам кўришимиз мумин.
Бундан ташқари, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида коррупциявий жиноятлар сифатида мавқени суиистеъмол қилиш ҳамда ноқонуний бойиш ҳам кўрсатилган бўлиб, амалдаги миллий жиноят қонунчилигимиз мазкур жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутмайди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси учун тавсияларида юқоридагилардан ташқари пора сўраш, таклиф қилиш, порани олиш ҳақидаги таклифни қабул қилиш ёки пора беришга розилик билдириш каби ҳаракатлар ҳам ЖКнинг 210-211-моддалари диспозицияси билан қамраб олиниб, тамом бўлган мустақил жиноят сифатида эътироф этилиши ҳамда улар учун жиноий жавобгарлик белгиланиши лозимлиги тавсия этилган.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишга оид халқаро стандартлар юридик шахслар ҳам коррупциявий жиноятларнинг субъекти бўла олиши ҳақидаги нормалар миллий қонунчиликда мустаҳкамланиши лозимлигини назарда тутади. Мазкур масалада хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, 70 дан ортиқ мамлакатларда юридик шахслар учун жиноий жавобгарлик белгиланганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Коррупцияга қарши курашишга оид қонунчиликни такомиллаштиришнинг яна бир йўналиши бу – дефиницион тузилмаларни такомиллаштириш яъни, алоҳида тушунча ва категорияларни модернизация қилишдан иборатдир.
Амалдаги жиноят қонунчилигимиз “коррупциявий жиноятлар” тушунчасига таъриф бермагани ҳолда коррупциявий жиноятларга айнан қайси жиноятлар кириши масаласига ҳам аниқлик киритмаган бўлиб, фикримизча, Кодексда мазкур турдаги жиноятларнинг аниқ рўйхати кўрсатилиши лозим.
Коррупцияга қарши курашиш комплекс характерга эга фаолият бўлганлиги сабабли, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, жиноят қонунчилигини такомиллаштиришнинг ўзигина етарли бўлмасдан, бир қатор ташкилий чора-тадбирларни кўришни тақозо этади. Жумладан, коррупциявий холатлар юзасидан хабар қилган шахсларнинг ҳимояси масаласи алоҳида назоратга олиниши лозим.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян натижаларга эришилган бўлса-да, истиқболда бир қатор вазифаларни амалга ошириш лозим. Коррупцияга қарши халқаро стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилиниши, шу жумладан, амалдаги жиноят қонунчилиги билан қамраб олинмаган коррупциявий қилмишлар криминализация қилиниши, коррупциявий қилмишларнинг аниқ доираси белгиланиши керак. Бунда, мамлакат ичидаги ижтимоий муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари, мазкур турдаги жиноятлар бўйича миллий суд-тергов органлари амалиёти, иқтисодий ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибаси ҳамда халқаро ташкилотларнинг тавсиялари инобатга олиниши лозим.
Беҳруз Шамсутдинов,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси