Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқКўчмас мулк ноқонуний равишда бузилиши мумкин эмас

Кўчмас мулк ноқонуний равишда бузилиши мумкин эмас

Конституциямизда хусусий мулкнинг бошқа мулк шакллари каби дахлсиз эканлиги бўйича муҳим нормалар бор. Жумладан, “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин”. Шу билан бирга “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир” деб белгиланган. Бунда агар хусусий мулк эгаси қонун доирасида ушбу мулкка эгалик қилаётган бўлса, уни давлат ўз ҳимоясига олишни кафолатлайди. Аммо хусусий мулкка ноқонуний тарзда эгалик қилинаётган бўлса ёки ушбу ер участкаси давлат ва жамият учун долзарб бўлган жойда жойлашган ҳолларда қонуний тартибда мулкдордан ер участкаси олиб қўйилиши мумкин. Аммо мулк ҳуқуқи тарзида берилган ерлар бундан мустасно.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининнг 18-моддасида “Фуқаролар: мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари; мол-мулкни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари; банкда жамғармаларга эга бўлишлари; тадбиркорлик, деҳқон (фермер) хўжалиги билан ҳамда қонунда тақиқлаб қўйилмаган бошқа фаолият билан шуғулланишлари; ёлланма меҳнатдан фойдаланишлари; юридик шахслар ташкил этишлари; битимлар тузишлари ва мажбуриятларда иштирок этишлари; етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилишлари; машғулот турини ва яшаш жойини танлашлари; фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтиронинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин. Фуқаролар бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин” деб қайд этилган. Кодекс ҳам фуқароларнинг мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлиши мумкинлигини назарда тутади. Ушбу кодексда бундай мазмундаги ҳуқуқларнинг назарда тутилганлиги мазкур кодекс фуқаролик ҳуқуқий муносабатларни ва унда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳал қилишини ва тартибга солишини англатади.

Шунингдек, кодекснинг 164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир”. Бу эса фуқаронинг хусусий мулкка умрбод эгалик қилишини кафолатлайди. Яъни, юқорида таъкидланганидек, давлат ва жамият эҳтиёжлари йўлида кўчмас мулкнинг бузилиши фақатгина ерлар ёки иншоотлар фуқарога мулк ҳуқуқи асосида эмас бошқача шаклда берилгандагина амалга оширилади.

Шуни унутмаслик лозимки, кўчмас мулк ер участкалари, бинолар ва иншоотлар, кўп йиллик экинлар кўринишида бўлади. Ушбу кўчмас мулклар бўйича фуқаролар энг кўп дуч келаётган муаммолар — бу ер участкалари ва иншоотлар билан боғлиқ ҳолатлардир. Яқин яқингача ҳокимлар томонидан  ноқонуний қарорлар чиқарилиши оқибатида фуқароларнинг кўчмас мулклари бузилганлиги ҳолатларини кўп кузатдик. Кўчмас мулк бузилиши учун, албатта, қонуний асос бўлиши ва бу давлат томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим. Кўплаб амалдорларда Совет Иттифоқидан қолиб кетган тушунча бор: мулк давлатники, хусусий мулк мавжуд эмас, айниқса, ерлар тўлиғи билан амалдорларнинг тасарруфида. Бу тушунча уларнинг қон-қонига сингиб қолиб кетган. Ҳозир мулк шакллари ўзгарган бўлиб, давлат мулки тушунчасидан ташқари хусусий мулк тушунчаси истеъмолга кириб келди. Ва давлатимизда алоҳида мулк шаклига айланди. Бу эса фуқароларга хусусий мулкка бўлган ҳуқуқни бериши билан бирга, уларнинг мулкка бўлган манфаатини оширди ва бу ўз ўрнида ривожланишга олиб келиши аниқ.

Шунингдек, ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги Низомда “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимининг кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қабул қилган қарори кўчмас мулк объектига нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг тугатилишига асос бўлади”, деб кўрсатиб ўтилган деган қоидани нотўғри талқин қилиб юрган амалдорлар ҳам мавжуд. Улар “ҳокимнинг кўчмас мулкни бузиб ташлаш ҳақидаги қарори мулк ҳуқуқининг  бекор бўлишига олиб келади, демак биз қарор чиқарсак бас” деб ўйлаб келишган. Шунингдек, ушбу Низомнинг мазкур қоидаси ернинг мулк ҳуқуқи асосида мулкдорга тегишли бўлиши ҳолатларига татбиқ этилмаслиги билан бирга, ушбу ҳокимнинг кўчмас мулкни бузиб ташлаш бўйича қарорини чиқаришгача ҳам бир нечта босқичлар бўлганлигини унутмаслик лозим.

Ҳозирда кўчмас мулкни бузиб ташлаш учун бундай бузишнинг қандай мақсадда амалга оширилиши, бузилиши керак бўлган ҳудуднинг аниқ лойиҳаси мавжуд бўлиши, ижарачи билан келишиши (тўлиғи билан хусусий мулк бўлса мулкдорнинг розилиги мавжуд бўлиши), адлия органларининг ижобий хулосаси олиниши зарурлиги ва келишувлар нотариал тасдиқланиши керак ҳисобланади. Ушбу босқичларнинг биттаси ташлаб кетилса, ундай ҳолатда ушбу бузиш бўйича чиқарилган қарори ноқонуний ҳисобланади. Биринчи навбатда, кўчмас мулкнинг бузилиш мақсади аниқланиши керак. Яъни ушбу бузилиш амалга оширилаётган ҳудудда давлат ва жамият манфаатлари бор ёки йўқлиги ва қанчалик ушбу лойиҳа жамият учун фойдали каби хулосаларга келиниши ва шу орқали мақсад шакллантирилиши лозим. Шунингдек, ердан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланилаётган ҳолларда, ушбу кўчмас мулкнинг устида нималар (иншоот, экинлар) жойлашганлиги, уларга етказилиши мумкин бўлган зарар аниқланиши керак бўлса, ер мулк ҳуқуқи асосида (хусусий мулк шаклида) тегишли ҳолларда бўлса кўчмас мулкни бузиш учун мулкдорнинг розилиги олиниши шарт. Мулк ҳуқуқининг бекор бўлиши мулкдорнинг розилиги билан амалга оширилиши кераклиги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида таъкидлаб ўтилган. Бу эса хусусий мулкнинг дахлсизлигини ва мулкдорнинг унга бўлган ҳуқуқларини кафолатлайди.

Кўчмас мулкни бузиш ҳақидаги қарори қабул қилинишидан олдин, албатта, адлия органларининг хулосаси олиниши шартдир. Шу билан бирга, ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан, бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Бу эса мулкдорнинг ҳуқуқлари бузилиши ва алданиб қолиши ҳолатларининг олдини олади.

Санаб ўтилган ҳаракатларнинг лоақал биттаси амалга оширилмай қолиб кетиб, кўчмас мулкни бузиш тўғрисидаги қарор чиқарилса, бундай ҳолатда қарор ҳақиқий эмас деб топилиши, амалдорлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши, шунингдек, қарор оқибатида етказилган зарарнинг қопланиши суд томонидан ўша қарорни қабул қилган мансабдор шахсга юкланиши мумкин.

Шуни унутмаслик лозимки, 2021 йил 8 июнда “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланган бўлиб, эндиликда ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Аммо бу тартиб Фармонгача ажратилган ерлар шаклига таъсир қилмайди. Президентнинг ушбу Фармони ер муносабатларида коррупцияга чек қўйиши билан бирга, мансабдор шахсларнинг ўз ваколати доирасидан чиқиб кетиш ҳолатларига чек қўяди. Шу кунгача мансабдор шахаслар ерларга ўз ерлари каби муносабатларда бўлиб, хоҳлаганча муносабатда бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиб келди. Энди бундай ҳолатлар такрорланмаслиги Фармон билан кафолатланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, кўчмас мулкнинг дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланади. Истисно ҳолатлардагина, агарда Сиз кўчмас мулкни  ноқонуний тарзда эгаллаган бўлсангиз мулк дахлсизлиги  таъминланмайди. Ўзбекистонда фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилмоқда. Ушбу соҳадаги ҳуқуқлар давлат томонидан тизимли равишда кафолатлаб борилса, фуқаролар ўзининг кўчмас мулкларига бошқалар зарар етказмаслигига ишончи комил бўлади.

Саламат Туремуратов,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз