Одамларга яқин бўлиш, тез, қулай ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш Давлат хизматлари марказларининг иш услубига айланиб улгурди. Хусусан, аҳолининг марказга келишини кутмай, чекка ва олис ҳудудларда сайёр давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Паркент туман Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан “Кумушкон — туризм қишлоғи” лойиҳаси доирасида оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича “Кумушкон” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
— Сайёр хизмат давомида аҳоли ўртасида оилавий меҳмон уйи ташкил этишнинг афзаллиги, уларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида тушунтириш олиб бордик, — дейди Паркент тумани давлат хизматлари маркази директори Жаҳонгир Ризаев. — Шу куни 26 нафар фуқародан меҳмон уйлар ташкил этиш бўйича ариза келиб тушди. Уларнинг 11 таси ижобий қаноатлантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Меҳмон уйларини очган оилалар тадбиркорлигининг мавжуд мезонларга мослиги ўрганилиб, тегишли сертификатлар тақдим этилди. Қолган 15 та ариза ҳам ўрганиб чиқилмоқда.
Маълумот ўрнида, айни кунда “Кумушкон” туризм қишлоғида 60 га яқин оилавий меҳмон уйлари фаолият юритмоқда. Йил якунигача “Ҳар бир оила — тадбиркор” Давлат дастури доирасида ташкил этиладиган меҳмон уйларининг сони 300 тага етказилиши кўзда тутилган.
Эркин Дорипов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати раҳбари