Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодекси 126-моддасида кўп хотинли бўлиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, Кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш тушунилади.
Судланувчи Тохир Шаропов (исм шарифлар шартли), фуқаро О.Эшонова билан қонуний никоҳ асосида турмуш қуриб, у билан биргаликда бир хонадонда яшаётган бўлишига қарамасдан, 2019 йил октябрь ойида И.Носирова билан шаръий никоҳ асосда турмуш қуриб, уни Чортоқ туманидаги ўзининг яшаш уйига олиб келиб, у ва қонуний турмуш ўртоғи О.Эшонова билан умумий рўзғор асосида бир хонадонда эр-хотин бўлиб яшаб келаётганлиги аниқланган.
Суд, судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, жиноят ишида тўпланган далилларни суд мажлисида синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб, судланувчининг музокара ва охирги сўзларини эшитди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 1-бандида “Судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратилсин.” деб, 3-бандида “Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак” деб ва 16-бандидаги “Жарима тариқасидаги жазони тайинлаш ва миқдорини белгилашда суд, одатда, унинг амалда тўлана олиниши имкониятидан келиб чиқиши лозим. Бунда, чунончи, судланувчининг моддий аҳволи, шунингдек қарамоғида вояга етмаган фарзандлари ва ҳ.к.лар инобатга олиниши лозим” деб тушунтириш берилган.
Суд, юқоридаги Пленум қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 54, 55 ва 56-моддалари талабларига риоя қилиб, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг раҳбарий кўрсатмаларидан келиб чиқиб, Т.Шароповга нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, унинг ёшини, оилавий ва моддий ахволини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб топиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, у айбли деб топилаётган ЖКнинг 126-моддаси 1-қисми санкциясида назарда тутилган жарима жазосини тайинлашни лозим деб топди.
Иброҳим Жабборов,
Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг раиси