Сўнгги йилларда республикамизда хусусий қўриқлаш хизматлари фаолиятига ҳам рухсат берилдики, бу фуқароларнинг мол-мулкини қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бешариқлик Обиджон Ҳимматқулов (судланувчининг исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам ўтган йили туманда ана шундай ишга қўл уради. Яъни 2020 йил 10 ноябрь куни Ўзбекистон туманида яшовчи Пўлатжон Носировдан “YAGUАR VSK” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилигини сотиб олиб, уни Бешариқ туманига кўчиради. Мазкур жамиятни Носиржон 2020 йил 3 ноябрь куни Қўқон шаҳар давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказиб, ташкил қилган экан. Унинг фаолият турига хусусий соқчилик хизмати ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг объектлари, мол-мулкларини қўриқлаш ҳам кирган. Бинобарин, О.Ҳимматқулов дарҳол ишга қабул қилиш юзасидан оғзаки эълон беради. Қарабсизки, хизмат формасини кийиб ишлаш истагида юрган ёш йигитлар бирин-кетин иш сўраб кела бошлайди. Шулар қатори фуқаро Намуна Деҳқонова ҳам мурожаат қилади унга.
— Ўғлим Бунёджон Деҳқоновни ҳам ишга қабул қилсангиз. Сиздан, илтимос, — дейди танишларидан “YAGUАR”нинг дарагини эшитиб келган онаизор.
— Майли, онахон. Ҳозир сиз бораверинг. Ўғлингизни ўзим чақиртираман, — дея Н.Деҳқоновага мулойимлик билан гапиради “иш берувчи”.
Чиндан ҳам у бир ҳафта деганда қўнғироқ қилиб, Б.Деҳқоновни чақиртиради.
— Онангизнинг юзларидан ўта олмадим. Шунинг учун сизни ишга оламан, — деб ўзини гўёки мурувват қилгандек қилиб кўрсатади О.Ҳимматқулов. – Фақат аввал сизга форма тиктиришимиз керак. Менга саккиз юз йигирма минг сўм берсангиз, уч кунда хизмат кийимингиз тайёр бўлади. Буни ҳаммаям эплолмайди, ўзимизнинг махсус чеварларимиз бор.
Албатта, бундай дадил сўзларни эшитиб, содда қишлоқ йигити Бунёджон лаққа тушади. Шу боис “хўжайин” айтган пулни дарҳол уйидан келтириб беради.
Мана шу тариқа Б.Деҳқонов кўпгина тенгдошлари қатори хизмат кийимини кийиб, худди аскарлардек кўркам йигитга айланади. Хаш-паш дегунча, орадан 40 кун ўтиб кетади ҳам. Аммо ваъда қилинган иш ҳақидан эса дарак бўлмайди. Боз устига Обиджон “Ишхонага мебель оламиз” деган важ билан яна ундан 100 АҚШ доллари олади. Бироқ бу пулни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Ҳузурига ёшлар иш сўраб келаверар экан, Обиджон Ҳимматқулов фириб тўрини янада кенгроқ ёяди. Яъни у қизларни лақиллатишдан ҳам тап тортмайди. Аниқроғи, ишга кириш мақсадида келган фуқаро Бахтигул Муҳаммаджоновадан хизмат кийимини тиктириш баҳонасида 820.000 сўм пул олади.
— Ишга ўзим чақираман, — дейди қизни ҳам, отаси Ҳамидулло Ҳусановни ҳам тинчлантириш учун.
Лекин хадеганда иш ҳал бўлавермайди.
— Қизлар масаласи сал муаммо бўляпти. Шунинг учун бироз шошилмай турасизлар, — деб алдайди орадан 10 кун ўтгач қўнғироқ қилган ота-болага.
Аммо Б.Муҳаммаджонова ҳам бошқалар қатори берган пулига куйиб қолаверади.
Доно халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деган пурҳикмат нақл бор. Бу худди Обиджон Ҳимматқулов сингари фирибгарларнинг қилмишига жавобан айтилгандек. Агар Обиджон туманнинг Янгиқўрғон маҳалласида яшовчи фуқаро Бекмурод Иброҳимовни ишга қабул қилиш учун пул олмаганда эди, балки кирдикорлари ҳали-бери фош этилмаган бўлармиди.
Гап шундаки, бошқа ёшлар сингари Б.Иброҳимов ҳам “YAGUАR VSK” МЧЖга иш масаласида мурожаат қилади.
— Ҳарбий хизматга боранмисиз?, — деб сўрайди О.Ҳимматқулов.
— Йўқ, бормаганман, — дея жавоб беради Бекмурод.
— Ундай бўлса, сизнинг масалангизни раҳбарларим билан гаплашиб кўраман, бирор йўли топилса айтаман, — дейди жамият раҳбари.
Бироқ Обиджон ҳеч ким билан гаплашмай, 2020 йил 25 октябрь куни Б.Иброҳимовни яна алдайди.
— Сизни ишга олсам бўларкан. Фақат бунинг учун сизга ҳарбий гувоҳнома керак бўлади. Ҳарбий гувоҳнома олишнинг ўзига яраша тўловлари бор. Пулни тўлайсиз ва ишни ҳам бошлайсиз.
У шундай деб Бекмуроддан 3.800.000 сўм пул олади. Шу билан бирга “Бизда ҳарбий хизмат олти ой давом этади. Кейин ҳарбий гувоҳнома берамиз” деб қўшиб ҳам қўяди.
Шундан сўнг Б.Иброҳимов ишга келиб-кетиб юраверади. Ана шундай кунларнинг бирида унинг ишга кирганини эшитган оғайниларидан бири сўрайди.
— Менга қара, сен ҳам ногирон, ҳам ҳарбий хизматни ўтамаган бўлсанг, қандай қилиб ишга олишди?
Бунга жавобан Бекмурод жамият раҳбарига пул берганлигини, 6 ойдан кейин ҳарбий гувоҳнома олишини айтади.
— Дўстим, кўзингни оч, хусусий ташкилот ҳарбий говоҳнома бераолмаслигини ҳамма биладику. Гувоҳнома фақат мудофаа бўлими ёки ҳарбий қисмдан берилади.
Дарҳақиқат, Б.Иброҳимов III-гуруҳ ногирони бўлиб, бир кўзининг кўриши заифроқ эди. Шу боис оғайнисининг гапларини эшитиб, у алданганини англаб етади. Пировардида О.Ҳимматқуловга қонуний чора кўришларини сўраб, Бешариқ туман ИИБга мурожаат қилади. Суриштирув жараёнида фирибгар қўриқчи жами 20 нафар шахсни чув туширгани аён бўлади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди эса судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Тайинланган жазони бўлса қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланди. Қолаверса, суд ҳукмида О.Ҳимматқуловдан 17 нафар жабрланувчига етказилган 33.237.600 сўмни ундириш ҳам белгиланди.
Нодир САЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг судьяси