Чортоқ туманида яшовчи Эрматхўжа Абдусатторов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳозир қирчиллама 40 ёшда. Бу пайт инсоннинг энг навқирон, ғайрат-шижоати жўш урган даври бўлади. Аммо у айни вақтда учинчи маротаба судланиб, жазо мудаттини ўтамоқда.
Агар Э.Абдусатторовнинг “сермазмун” умр саҳифаларига назар ташланса, бундан 20 йил муқаддам, яъни 20 ёшида жиноят кўчасига қадам қўйганини кўриш мумкин. Ўшанда Эрматхўжа жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда, яъни ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан, бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда, тамагирлик ниятида, бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида қасддан одам ўлдириш, уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ва баданга оғир шикаст етказган ҳолда босқинчилик, атрофдагилар учун хавфли усулда ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш жиноятларини содир этгани боис 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Мазкур жазо муддати амнистия актлари туфайли қисқариб бориб, 10 йил деганда – 2013 йилда озодликка чиққан. Кейин эса 2021 йилда анча миқдордаги фирибгарликка қўл уриб, яна суднинг қора курсисига ўтирган. Бироқ II-гуруҳ ногирони бўлгани боис тайинланган аҳлоқ тузатиш иши жазосидан Жиноят кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш)га мувофиқ озод этилган. Бугун эса…
Гап шундаки, 2 маротаба судланиб ҳам кўзи очилмаган бу йигит 2022 йил 10 август куни Наманган шаҳрида истиқомат қилган эски таниши ва жиноий шериги Руфатилло Шоисаев билан бирга ўғирлик қилди.
– Агар менга шерик бўлсанг, соққали иш бор,-дейди воқеадан бир ойча аввал Э.Абдусатторов у билан учрашганда.
– Қандай иш?, – қизиқиб сўрайди Р.Шоисаев.
– Уйга борганда айтаман.
Шундан кейин Эрматхўжа қаердан ва нима ўғирлашни режалаштирганини айтади.
-Майли, розиман,-дея жавоб беради Руфатилло ўйлаб ҳам ўтирмай.
Чунки унинг банк кредитидан, қолаверса, ошна-оғайниларидан бўлган қарзлари мавжуд эди.
Хуллас, ўша куни икковлон юзларига ниқоб, қўлларига ишчи қўлқоп кийиб, тунги соат 01:00ларда туманнинг “Балиқкўл” маҳалласида жойлашган “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳи музейига келишади. Аввалига чор-атрофни кузатиб, ҳеч кимса йўқлигига ишонч ҳосил қилишади. Шунга қарамай, содир этилажак жиноятларини яшириш мақсадида зиёратгоҳ чироқларини асосий тармоқдан узган ҳолда ўчиришади. Сўнгра музейда сақланаётган, 1874 йилда ҳаттотлар томонидан кўчирилган нодир қўлёзмали “Қуръони Карим” китобини ўғирлаб чиқишади. Ташқарига чиққач, Э.Абдусатторов муқаддас китобни ўзининг “Кобалт” автомашинаси юкхонасига жойлайди. Кейин Наманган шаҳрига келиб, каломуллоҳни Р.Шоисаевнинг синглиси Нафосат Шоисаеваникига яшириб қўйишади. Аммо хонадон соҳибасига китобнинг ўғирланганини айтишмайди.
Бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейди доно халқимиз. Шу маънода айтганда, ўғрилар тез орада қўлга олинади. Негаки зиёратгоҳ ҳудуди ва атрофига ўрнатилган видеокузатув мосламалари жиноятни қисқа фурсатда фош этилишини таъминлайди. Натижада китоб “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳига қайтарилади. “Қаҳрамон”ларимизга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилади.
Ўзбекистон Республикаси туризм ва маданий меърос агентлигининг 2022 йил 22 декабрдаги санъатшунослик экспертизаси хулосасида, нодир “Қуръони карим” китобининг мамлакатимиз ички бозоридаги баҳоси 92.000.000 сўм деб белгиланган.
Яқинда мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида кўриб чиқилди. Суд Э.Абдусатторов ва Р.Шоисаевни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, уларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Шу билан бирга, суд туманнинг 2-сектор раҳбарига бириктирилган “Балиқкўл” маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари томонидан судланувчи Э.Абдусатторовнинг оилавий аҳволи ўз вақтида ўрганилмагани, профилактик тадбирлар ўтказилмагани, уни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмагани, хулқ-атвори эътиборсиз қолдирилгани, муқаддам судланган шахслар билан ишлаш ҳолати юзаки эканлиги юқоридаги жиноятга сабаб бўлган деб ҳисоблади. Бинобарин, бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари ва ҳудуд профилактика инспекторига юборилди.
Иброҳим ЖАББОРОВ,
жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди раиси