Бухоро шаҳридаги Ш.Руставели кўчасида яшовчи ишсиз фуқаро Истам Жумаев шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ишсизлик нафақаси тайинлашини сўраб икки ой олдин мурожаат қилган. И.Жумаевга шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан пластик карта очилган, аммо ишсизлик нафақаси тўлаб берилмаган.
Маълумки, шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органининг буйруғи билан расмийлаштирилади, ушбу буйруқ бир вақтнинг ўзида ишсизлик нафақаси тайинлаш тўғрисидаги буйруқ ҳисобланади. Буйруқда ишсизлик нафақасининг миқдори ва уни ҳисоблаш санаси кўрсатилади.
Ишсиз деб эътироф этилган шахс қабул қилинган қарор тўғрисида мазкур қарор қабул қилинганидан кейин икки кунлик муддатдан кечиктирмай ёзма равишда ёки телефон, электрон почта орқали хабардор қилиниши керак.
Афсуски, шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази қонунчилигимизда ўз аксини топган — иш қидираётган шахсга у рўйхатга олинган кундан эътиборан дастлабки ўн кун ичида мақбул келадиган иш таклиф этилмаган бўлса ёки маҳаллий меҳнат органи мазкур шахс ишга жойлаштириш учун юборилган ташкилотдан рад жавобини олган бўлса, шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай маҳаллий меҳнат органи томонидан қабул қилиниши кераклигини эътибордан четда қолдирган.
Мазкур муаммо адлия аралашуви билан ижобий ҳал этилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдимнома киритилиб, фуқаро ишсизлар рўйхатига олиниб, қўшимча равишда юборилган сўровга кўра, у ишсиз деб эътироф этилди ва унга ҳар ойда 747 минг 300 сўм миқдорида ишсизлик нафақаси тайинланди.
Абдураҳимхўжа БАФАЕВ,
Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи