Бугун кундалик ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган муаммолардан бири бу – қўшнилар ўртасидаги ер талашиш ҳолатларидир. Хўш, ҳовлининг бир четидан қўшни фойдаланиши учун йўлакча ажратишнинг қандай ёмон томони бор? Аслида бунинг ёмон томони йўқ. Фақатгина ноинсоф қўшни йиллар ўтиб вақтинча фойдаланиб туриш учун ажратилган бу ерга иморат қуриб олиши, турли йўллар билан бу ерни қонунийлаштириб олишга уриниш хавфи бор. Бу каби бош оғриқлар ва жанжалларнинг ечими бу – сервитут ҳуқуқидир.
Сервитут институти Қадимги Рим ҳуқуқининг муҳим элементларидан бири ҳисобланиб, 2 минг йилдан ортиқ тарихга эга. Мамлакатимизда сервитут институти Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ва Ер кодексларида мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, Фуқаролик кодексининг 173-моддасига асосан кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса — бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир.
Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.
Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни сотиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.
Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ер участкасининг эгаси ўртасидаги сервитут белгилаш бўйича келишув имзоланади ва ушбу келишув Ягона интерактив давлат хизматлари портали https://my.gov.uz орқали давлат рўйхатидан ўтказилади.
Башарти томонлар ўзаро келиша олмаса, талабгор фуқаролик судига сервитут белгиланишини сўраб даъво ариза киритиши мумкин бўлади.
Сервитутни белгилаш масаласи Ер кодексининг 30-моддасида нисбатан кенгроқ белгилаб қўйилган. Жумладан, сервитут қуйидаги мақсадларда белгиланиши мумкин:
ўзганинг ер участкаси орқали пиёда ёки транспортда ўтиш;
ўзганинг ер участкасида дренаж ишлари ўтказиш;
ўзганинг ер участкасидан электр узатиш, алоқа линиялари ва трубопроводлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа линиялар ҳамда тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш;
ўзганинг ер участкасидан экинзор ва молларни суғориш учун сув олиш;
молларни ўзганинг ер участкаси орқали ҳайдаб ўтиш;
ўзганинг ер участкасидан қидирув, тадқиқот ва бошқа ишларни бажариш учун вақтинча фойдаланиш;
ўзганинг ер участкасида иҳота дарахтлари экиш ва табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли бошқа объектлар барпо этиш.
Такидлаш жоизки, сервитут институти миллий қонунчиликда кенг ёритиб берилмаган. Ижтимоий муносабатларнинг кун сайин ривожланиб бориши ушбу соҳани халқаро тажрибани ўрганган ҳолда қайта кўриб чиқиш ҳамда қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақазо этади.
Хорижий давлатлар тажрибаси
МДҲ давлатларида сервитут билан боғлиқ муносабатлар Фуқаролик ва Ер кодекслари ҳамда қисман шаҳарсозлик(қурилиш) соҳасидаги қонунчилик билан тартибга солинган.
Хусусан, Россия Федерацияси Ер кодексининг IV ва V(7) боблари ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланишга бағишланган. Унда сервитутнинг миллий қонунчилигимизда акс эттирилмаган «оммавий сервитут» каби шакли анча тўлиқ баён қилинган.
Ушбу кодекснинг 23-моддаси иккинчи қисмига кўра, давлат эҳтиёжлари ёки коммунал эҳтиёжлардан, шунингдек, маҳаллий аҳолининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида давлат ҳокимияти ижроия органи ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органининг қарори билан ер участкаларини олиб қўймаган ҳолда (оммавий сервитут) белгиланиши мумкин.
Шунингдек, кодексда оммавий сервитут қандай ҳолатларда қўлланилиши мумкин (23-модда тўртинчи қисм), қандай ҳолатларда оммавий сервитутни қўллаб бўлмайди (3944-модда), қайси органлар қандай ҳолатларда оммавий сервитутни қўллаш бўйича қарор чиқариш ваколатига эга (3938-модда), оммавий сервитут учун тўлов миқдорини ҳисоблаб чиқариш тартиби ва тўлаш муддатлари (3946-модда) тўғрисидаги қоидалар ўз аксини топган.
Қозоғистон қонунчилигида ҳам сервитут институти нисбатан кенгроқ акс эттирилган. Кўп жиҳатлари Россия Федерациясидаги тартибларга ўхшайди, шу билан бирга айрим ўзига хосликларга эга. Жумладан, Қозоғистон Ер кодексининг 67-моддасида сервитут белгилашга асос бўладиган ҳолатлар санаб ўтилган бўлиб, улар Россия ва Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган асослардан нисбатан кенгроқ. Яъни, Ўзбекистонда сервитут ўзаро келишув асосида ёки суд томонидан, Россияда ўзаро келишув асосида ёки суд томонидан, шунингдек давлат органи ёки ўзини ўзи бошқарувчи органнинг қарори асосида белгиланса, Қозоғистонда ўзганинг ер участкасидан чекланган мақсадда фойдаланиш учун қуйидагилар асос бўлади:
- бевосита норматив-ҳуқуқий ҳужжат;
- манфаатдор шахс билан мулкдор ёки ердан фойдаланувчи ўртасидаги келишув;
- маҳаллий ижро этувчи органнинг далолатномаси;
- суд қарори;
- қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар.
Шунингдек, Қозоғистон Ер кодексининг 69-моддасига кўра, давлат ва маҳаллий аҳоли манфаатлари юзасидан ёки фойдали қазилмаларни қидириш ёки геологик ўрганиш зарурати туғилганда, ер участкаларини мулкдордан олиб қўймаган ҳолда, вилоятлар маҳаллий ижроия органларининг қарорлари асосида оммавий сервитутлар белгиланиши мумкин.
Грузияда сервитут институти ФК 247-моддасида белгиланган. Унга кўра, ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулк айрим ҳолларда бошқа ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулк эгаси томонидан фойдаланилиши ёки айрим ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланиши мумкин. Сервитутни белгилашда кўчмас мулкни сотиб олишда назарда тутилган қоидалар қўлланилади.
Ғарбий Европа давлатлари қонунчилигида сервитутлар тарафлардан бири учун ҳуқуқ берибгина қолмасдан, ҳуқуқларни чекловчи характерга ҳам эга.
Германия ва Швейтсария Фуқаролик кодексида ҳуқуқларни чекловчи сервитутга умумий юридик таъриф бериб ўтилган.
Хусусан, Швейцария Фуқаролик кодексининг 730-моддасида ёзилишича, бир ер участкаси фойдаси учун бошқа бир ер участкаси мулкдор(фойдаланувчиси)га мажбурият юкланиши мумкин. Бунда мажбурият юкланган ер участкаси мулкдор (фойдаланувчиси) ўзининг мулкий ҳуқуқларидан келиб чиқадиган муайян ҳуқуқларни амалга оширишдан четлаштирилади.
Германия Фуқаролик кодексининг 1018 – 1029-моддалари сервитутга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Ушбу фуқаролик кодексида сервитутнинг учта тури ажралиб туради. Булардан иккитаси ҳуқуқларни чекловчи ва биттаси ҳуқуқ берувчи характерга эга. Булар қуйидагилар:
- ер участкадан фойдаланиш ҳуқуқи – бунда участканинг эгаси бошқа
бировнинг участкасидан аниқ кўрсатилган ҳолларда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади(бир участкадан иккинчисига ўтиш),
– ер участкасидан фойдаланишни чеклаш – бу шахснинг сервитут ўрнатилган ер участкасининг эгаси томонидан белгиланган муайян ҳаракатларни амалга ошира олмаслигини англатади;
– мажбурият юкланган ер участкаси эгасининг ҳуқуқларини амалга оширишни истисно қилиш – бунда мажбурият юкланган ер участкасининг эгаси ушбу участкага бўлган ҳуқуқларнинг айримларидан фойдаланиш имкониятини йўқотади.
Франция Фуқаролик кодексининг 637—710-моддалари сервитут билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Шунигдек, ушбу кодексда оммавий сервитут тушунчаси (ФК. 649, 650-моддалари) мавжуд бўлиб, унинг предмети коммунал хўжалик ва жамоат манфаатларидан келиб чиқадиган айрим масалалардир.
Сервитут институти англо-саксон ҳуқуқий тизимига асосланувчи давлатларда роман-герман ҳуқуқий тизимига мансуб давлатларга қараганда нисбатан кенгроқ қўлланилади.
АҚШ ва Британияда қонунчилик ер эгаси, унинг ота-боболари ёки олдинги эгалари томонидан бошқа бировнинг мулкидан узоқ ва узлуксиз фойдаланиш натижасида юзага келадиган амалиёт бўйича сервитут яратишга рухсат беради.
Агар сервитутдан фойдаланиш бир ёки бир нечта шахслар учунгина белгиланган бўлса, бу хусусий сервитут ҳисобланади. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ёки ҳозирги (ўтмишдаги) эгаси томонидан истироҳот боғи сифатида ажратилган хусусий ер участкалари (шунингдек, бағишланган деб ҳам аталади) каби жамоат сервитутларидан фойдаланиш чекланмаган.
Британияда сервитутлар қуйидаги асосларга кўра вужудга келиши мумкин:
- қонун, васиятнома ёки бошқа юридик ҳужжат асосида;
- сервитутни ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида;
- томонларнинг келишуви асосида
Шунингдек, Британияда сервитут фақатгина ер билан боғлиқ бўлибгина қолмасдан, балки ерда жойлашган бино-иншоотларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Жумладан, бир шахс ҳовлисини ёритиш учун қўшнисининг девори (ёки бошқа қурилмалар)га чироқ ўрнатиши ёки бошқа мақсадларда қўшнига тегишли кўчмас мулкдан фойдаланиши (right of support) ёки иморат қурилишида қўшни уй деразасини қуёш нуридан тўсиб қўйиш (right of light) каби ҳолатларда ҳам сервитут институти (45 даража қоидаси) ишлайди.
АҚШда сервитут институти ҳуқуқ берувчи ва ҳуқуқларни чекловчи характерга эга бўлган 2 гуруҳга бўлинади.
Ҳуқуқ берувчи сервитутлар (affirmative easement)нинг мазмуни ҳудди Ўзбекистон қонунчилигидаги сервитутлар каби ўзганинг ери (кўчмас мулки)дан чекланган доирада фойдаланишни назарда тутади. Ҳуқуқларни чекловчи сервитутлар (negative easement) бир мулкдорнинг ўзга мулкдор (одатда қўшниси) фойдасига маълум ҳаракатлардан тийилишини билдиради. Масалан, ёруғликка бўлган ҳуқуқ (right of light) иморат қуриш жараёнида шахсга қўшни уйнинг деразасини қуёш нуридан тўсиб қўймаслик мажбуриятини юклайди.
Сервитутлар пайдо бўлиш асосига кўра давлат ёки маҳаллий ҳукумат томонидан белгиланадиган (utility easements), шахс томонидан келишув асосида бериладиган ((private easements), зарурат юзасидан вужудга келадиган (easements by necessity) ҳамда сервитутни вужудга келтирувчи муддат (prescriptive easements) асосида пайдо бўладиган турларга бўлинади.
АҚШда сервитутларни белгилашда турли федерал ва маҳаллий қонунлар ҳамда суд прецедентлари ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди. Хусусан, 1891 йилда қабул қилинган «Йўл ҳуқуқи тўғрисида»ги (Right of Way Act of 1891) федерал қонун канал қазувчи компанияларга жамоат мулки бўйлаб ўтиш ҳуқуқини берган бўлса, 1967 йилда Орегон штатида «Пляж қонуни» деб номланган қонун қабул қилиниши натижасида жами 112 та хусусий мулк субетларига тегишли бўлган соҳил ҳудуди учун оммавий сервитут белгиланган. Бу эса фуқаро ларга соҳил бўйида сайр қилиш ҳуқуқини берган.
Юқоридагиларга кўра, қуйидагилар таклиф этилади:
- Амалдаги Фуқаролик ва Ер кодексидаги сервитут билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи нормалар умумий мазмунга эга ва жуда қисқа баён қилинган. Шунга кўра, ерга бўлган мулкчилик шаклининг ривожланиши натижасида сервитут институтини кенгайтириш зарурати мавжуд. Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда сервитутни вужудга келтирувчи муддат асосида сервитут белгилаш, туташ ер участкасида жойлашган кўчмас мулкнинг бир қисмига нисбатан сервитут белгилаш, шунингдек мажбурият юкловчи сервитут шакллари (масалан табиий ёруғликка бўлган ҳуқуқ) ни жорий этиш;
- Қонунчиликда сервитут белгиланиши мумкин бўлган ер (кўчмас мулк) сони биттадан ортиқ бўлганда, талабгор учун энг камхарж (қулай) бўлган мулкка нисбатан сервитут белгиланиши тўғрисидаги қоидани акс эттириш;
- Ерга нисбатан хусусий мулкчиликнинг жорий этилиши миллий қонунчиликда оммавий сервитут институтининг акс эттирилишини тақазо этади. Шунга кўра, Ер кодексига оммавий сервитутни қўллаш шартлари, субъектлари, тартиби, оммавий сервитут учун тўлов ҳамда оммавий сервитутнинг бекор бўлиши билан боғлиқ нормаларни киритиш.
Бектурсун Муродқосимов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими