Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқҚўшнимиз ариқни тўсиб қўйганлиги учун томорқамизни суғора...

Қўшнимиз ариқни тўсиб қўйганлиги учун томорқамизни суғора олмаяпмиз. Кимга мурожаат қилишимиз керак?

— Уйимизга келадиган ариқ суви қўшнимизнинг ҳовлисидан ўтган бўлиб, қўшним ариқни тўсиб қуйганлиги учун 6 йилдан буён томорқамизни суғора олмаймиз. Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак?

Л.Маматкаримова, Гулистон шаҳри

—  Қонунчиликда сервитут ҳуқуқи деган тушунча мавжуд. Бу ер эгасининг муайян ҳолларда қўшни ер эгасига тегишли ердан фойдаланишни талаб қилиш ҳуқуқидир.

Фуқаролик кодексининг 173-моддасига асосан Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.

Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.

Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади.

Сервитут ҳуқуқидан фойдаланиш шартлари Ер кодексининг 30-моддасида батафсил келтирилган.

Саволга Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Ҳилола Сулаймонбекова жавоб берди

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз