Қушнинг ҳам ини бузилмасин

Шўрчи туманида яшовчи Аҳмад Далиев 2014 йилда Қумқўрғон туманида истиқомат қилувчи Ҳабиба Умарова билан турмуш қурди-ю, аммо узоқ яшолмади. Аниқроғи, келин бўлмишнинг қайнонаси билан гапи қовушмади. Оқибатда бу оила жанжалнинг уясига айланиб қолди. Айни дилхиралик орадан бир йил ўтгач, қиз фарзанд Нилуфархон туғилгандан кейин ҳам аримади. Боз устига Аҳмад хотини ва қизини қолдириб, ишлаш учун Россияга кетиб қолди.

Қарабсизки, қайнона-келин можароси авж олса олдики, босилмади. Шу боис оила бекаси Ҳувайдо опа Ҳабибани ўғлининг ёнига жўнатиб юборди. Россия Федерациясидан қайтгач, келин иккинчи фарзанди – ўғли Жавоҳирни дунёга келтирди. Бироқ икки ўртадаги совуқчилик барибир кўтарилмади. Натижада Ҳабиба Умарова иккала боласини етаклаб, отасиникига кетиб қолди.

Мана шу зайлда орадан 2 йил ўтди. Ўтган 2022 йил сентябрь ойида эса куёв томон никоҳдан ажратишни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига даъво ариза киритди.

Албатта, оиладаги арзимас жанжаллар, келишмовчиликлар оиланинг парчаланиши – ажрим учун сабаб бўлолмайди. Бинобарин, суд оилани сақлаб қолиш мақсадида ўзининг 2022 йил 29 сентябрдаги ажрими билан тарафларга ярашиб олиш учун 4 ой муҳлат берди.

Буни қарангки, ана шу муддат мобайнида қудалар бир-бирини тушунишди, муросага келишди. Энг муҳими, иккала томон ҳам норасида гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолишини хоҳламади. Натижада эр-хотин ярашиб олиб, бирга яшай бошлашди.

Шу боис даъвогарнинг ишончли вакили Ҳувайдо Толипова суддан даъво аризани кўрмасдан қолдиришни сўради. Шундан келиб чиққан ҳолда суд Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддасига биноан даъво аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.

Гулдек бир оила сақлаб қолинди. Энди фарзандлар тирик етим бўлмай, ота-она меҳридан баҳраманд ҳолда улғайишади. Зеро, ёши улуғларимиз “Қушнинг ҳам ини бузилмасин” дея бежиз айтишмаган.

Фазлиддин ХИДИРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон  туманлараро судининг раиси

 

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз