Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукумати кейинги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича бир нечта йўналишлардаги режаларни ишлаб чиқаётганини маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, газ етарли бўлган тақдирда ҳам бунақа қаттиқ совуқ вақтларида қувурларда барибир босим тушади, шунинг ҳисобига чекка ҳудудларга газ етиб бормай қолади. Бунинг ечими сифатида бу ҳудудларда икки функцияли иссиқлик марказларини ташкил этиш режаси кўриб чиқиляпти: бу марказлар кўмирда ишлаб, ҳам иссиқлик узатади, ҳам электр энергияси ишлаб чиқаради.
Иккинчидан, ҳукумат қуёш энергиясидан фойдаланишни сезиларли оширишни мўлжалламоқда. Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, ўтган аномал совуқ кунларда ҳам, ҳатто қиш вақтида кун қисқа бўлишига қарамай, мавжуд қуёш станциялари 98 фоизгача қувватда ишлай олган.
Қуёш фотоэлектр станцияларини тезроқ қуриш мақсадида компаниялар тендерсиз танлаб олиниши мумкин. Бунда инвесторларга фақат шу пайтгача қурилган станциялардаги нархлардан (2,8 цент) оширилмаган нархларда электр сотиб олиш шарти қўйилади.
Энергетика вазирлиги раҳбари учинчи ечим чораси сифатида кўп газ ёқадиган саноат корхоналари (қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар, иссиқхоналар) кўмирга ўтказилишини айтди.
Фото: Daryo.uz