Турар жойнинг олди-сотди шартномаларини тузишга доир умумий масалалар Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Қуйидаги жиҳатларни ёдда тутиш зарур:
- турар жойнинг олди-сотди шартномаси ёзма шаклда тузилади, битимга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади (Фуқаролик кодексининг 479-моддаси);
- уй, квартирани, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим (Фуқаролик кодексининг 488-моддаси);
- шартномада шартнома бўйича сотиб олувчига топширилиши лозим бўлган турар жойни аниқ белгилаш имконини берадиган маълумотлар кўрсатилган бўлиши шарт, улар бўлмаса, шартнома тузилмаган ҳисобланади (Фуқаролик кодексининг 484-моддаси);
- харидор сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар (агар бундай шахслар бўлса) шартномада кўрсатилган бўлиши керак (Фуқаролик кодексининг 488-моддаси);
- сотувчи сотиб олувчига шартнома шартларига мувофиқ келмайдиган уй-жой сотганида, сотиб олувчи камчиликларни текинга бартараф этишни ёки камчиликларни бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини, харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни ёки кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга (Фуқаролик кодексининг 434-моддаси).
Қайси уйни сотиб олиш ҳақида бир тўхтамга келган бўлсангиз, сотувчи билан бирга нотариус ҳузурига боришингиз керак бўлади. Кейинчалик масала Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2017 йилдаги «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 106-сон қарорига мувофиқ ҳал этилади.
Ёнингизда қуйидаги ҳужжатлар бўлиши зарур:
- паспорт ёки битим томонларининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
- кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди;
- хусусийлаштирилган кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказишда — кўчмас мулкни хусусийлаштиришга розилик берган шахсларнинг нотариал тасдиқланган розилиги, шунингдек, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармаларидан (Тошкент шаҳрида – «Тошкент шаҳрида уй-жойга давлат ордерлари ва маълумотлар бериш маркази» ДУКдан) олинган хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома;
- агар кўчмас мулк биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган бўлса — эрнинг (хотиннинг) нотариал тасдиқланган розилиги;
- агар кўчмас мулкнинг қурилиши тугалланмаган бўлса — маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
- агар кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса — гаровга олувчининг розилиги;
- агар васийликдаги (ҳомийликдаги) шахс номидан васий (ҳомий) шартнома тузса — васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги;
- юридик шахслар учун — юридик шахс ваколатли органининг қарори (умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳ.к.);
- давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Саволга Шаҳрисабз туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Насиба Исмаилова жавоб берди.