Ҳозирги кундаги энг долзарб мавзу ва муаммолардан бири бу — коррупция балосидир. Коррупция давлатни жар ёқасига олиб келиши ва уни таназзулга олиб келувчи хавфлардан биридир. Шу сабабдан давлатимиз раҳбари бошчилигида коррупцияга қарши курашишнинг турли хил методлари қўлланилмоқда.
Шу боисдан, яқиндагина Президентнинг коррупцияга қарши курашиш доирасида ишлаб чиқилган Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Фармонга лойиҳасига кўра, давлат бошқарувини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади. Реестр орқали бошқа фуқаролар ҳам коррупцияга ўч бўлган қатлам вакилларини билиб олиши ва уларнинг ҳаракатларидан хабардор бўлиши мумкин. Шунингдек, ушбу реестр фуқаролар орасида шарманда бўлмаслик учун ҳам давлат хизматчисини коррупцияга оид жиноятларни содир этмасликка мажбур қилади.
Шубҳасиз, ушбу реестр давлат бошқаруви соҳасини бутунлай ўзгача кўринишга олиб келади. Бундай дейишимизга биринчи сабаб бу — очиқ электрон реестрга киритилган шахс давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши, шунингдек, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши мумкин эмас. Бу айнан битта шахс коррупцияга тааллуқли бўлган жиноятлардан бирини содир этса, бутунлай давлат хизмати билан хайрлашиши ва давлат мукофотларини олишга умид қилмаса ҳам бўлади. Шу билан бирга, бундай қарорга келинишидан яна бир мақсад шуки, коррупция авж олган соҳа бўлган таълимдан бутунлай коррупцияни чиқариб олишдир.
Иккинчи сабаб бўлса очиқ электрон реестрга киритилган шахс сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларнинг кўрсатилишига йўл қўйилмаслигидадир. Уларни биз бошқа Президент, депутат ёки бошқа сайланадиган лавозимларда кўрмаслигимиз аниқ. Сайлаб қўйиладиган шахслар давлат аҳамиятидаги ва жамият манфаатларига таъсир қилувчи қарорларни қабул қилиш ишларини амалга оширадиган бўлганлиги боис, ундай жойда коррупцияга мойиллиги бўлган шахслар бўлиши мумкин эмаслиги табиий ҳолга айланди.
Учинчи сабаб — очиқ электрон реестрга киритилган шахс давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши тақиқланганлигидир. Ушбу амалиёт илгари коррупция содир этган шахсни тўлиғи билан давлат ишларига аралашишига тўсқинлик қилади. Чунки жамоат кенгашлари ва коллегиал органлар ҳам жамият ҳаётига бевосита таъсир қилувчи механизмлардан биридир ва ушбу соҳани коррупциядан узоқроқ ушлаш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, эндиликда очиқ электрон реестрга киритилган шахс улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этишига йўл қўйилмайди. Чунки бундай шахслар қайтадан давлат бошқаруви соҳасида бўлиши мумкин бўлган харидларда ва битимларда ўзининг коррупциявий тажрибасини қўлламаслигига ҳеч ким кафолат бермайди ва улар ўз мақсади йўлида, моддий манфаат кўриш мақсадида давлат харидлари ва битимларида ваколатли бўлган шахсларни ўз томонига оғдириши ва улар томонидан ҳам коррупция содир этишига мажбур қилиши мумкин. Шундай экан, бундай вазиятларда ҳам илгари коррупция жиноятини содир этган шахс санаб ўтилган соҳа ва йўналишларда иштирок этиши мумкин эмасдир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилиши давлат бошқаруви ва унинг муҳим соҳаларида илгари коррупция содир этган ва кейинчалик яна бундай жиноятларга қўл уриши мумкин бўлган шахслардан ҳоли зонага айлантирилишига эришилади. Шунингдек, бундай амалиётнинг татбиқ этилиши давлат хизматчилари бўлган шахсларни умуман жиноят содир этишдан ўзини тийиб туришига имкон беради ва коррупцияга қарши курашишга ундайди.
Саламат Туремуратов,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими