Бош саҳифаМуҳимЛойиҳа: қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш бўйича Қурилиш...

Лойиҳа: қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш бўйича Қурилиш вазирлигига муҳим вазифалар юкланаяпти

Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси билан танишиб шундай хулосага келдимки, мазкур ҳужжат қабул қилингач жамият тараққиётининг кушандаси саналган коррупция иллатининг пойини қирқишга хизмат қилади. Фақат унинг ҳар бир бандида белгиланган вазифалар тўлақонли ижросини топиши шарт.
Шу ўринда мен эътиборингизни қарорнинг 9-бандига қаратмоқчиман. Унга кўра, Молия вазирлиги зиммасига 2022 йил 1 январдан бошлаб Ахборот технологиялари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда субсидия ва бошқа имтиёзлар берилган субъектлар тўғрисидаги маълумотларни “очиқ бюджет” порталига жойлаштириш тартибини жорий этиш вазифаси юкланди. Бу жуда тўғри, узоқни кўзлаб белгиланган тадбирдир. Негаки қайсидир субъектга субсидия ёки имтиёз берилса, бунинг эвазига бошқа биров ёхуд масалага дахли бўлмаган қандайдир шахс манфаатдор бўлмаслиги керак. Ҳатто ўша субсидия ва имтиёзни бериш ваколатига эга бўлган бўғиндагилар ҳам. Агар берилган субсидия ва бошқа имтиёзлар ҳақидаги маълумотлардан жамоатчилик ҳам хабардор бўлса, ортиқча шубҳа-гумонларга ўрин қолмайди.

Бундан ташқари, қарорнинг 10-бандида қурилиш соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Қурилиш вазирлиги олдига ҳам ҳам бир қатор вазифалар қўйилмоқда. Жумладан, 2021 йил 1 октябргача бюджет ва унга тенглаштирилган маблағлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари маблағлари ҳисобидан қурилиш-пудрат шартномаси учун ўтказиладиган тендерлар (танловлар)ни “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг маълумот алмашинувини таъминлаган ҳолда давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида электрон тарзда амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилса, бу борадаги яширин коррупциянинг олди олинади.

Айтайлик, яқин-яқингача ҳам бирор-бир қурилиш ташкилоти ёки хўжалик юритувчи субъектга қайсидир давлат ташкилоти ёхуд идораси қурилиши топшириладиган бўлса, ўша тизим раҳбари, қолаверса, унинг маблағини молиялаштиришга масъул бўлган шахслар умумий иш қийматининг 10, ҳатто 15-20 фоизини пора тариқасида олгани ҳам бор гап. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди. Оқибатда, қурилиш-бунёдкорлик ишлари сифатсиз, ҳали фойдаланишга топширилмай туриб, “иш кўрсатадиган” даражада амалга оширилади.

Қурилиш ва лойиҳа ташкилотлари рейтинги ва тендер савдоларидаги баҳолаш мезонлари ҳамда методикасини қайта кўриб чиқиб, уларнинг очиқлигини таъминлаш ҳамда қурилиш ташкилотлари тоифалари ва нарх бўйича таклифни баҳолаш механизмининг жорий қилиниши эса чинакам рақобатни юзага келтиради. Аниқроғи, ким сифатли ва арзон иш бажарса, ўша субъектнинг ошиғи олчи бўлаверади.
Хулоса қилиб айтганда, қарорда назарда тутилган ишларни амалга оширишда очиқлик ва шаффофликнинг таъминланиши коррупциянинг ҳам пойини қирқади, ҳам янги ана шундай ҳолат юз беришининг олдини олади.

Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз