Бош саҳифаЯнгиликлар“Маҳалламиздаги ёши 70 дан ошган отахондан фарзандлари...

“Маҳалламиздаги ёши 70 дан ошган отахондан фарзандлари хабар олмайди: уларга жавобгарлик борми?”

 

— Мен истиқомат қиладиган маҳаллада ёши 70 дан ошган қўшни отахон яшайди. Отахоннинг 3 нафар фарзанди бўлиб, аёли вафот этганига 1 йилдан ошган бўлса ҳам хабар олишмайди. Ўзининг нафақасига ва маҳалладаги қўшнилар кўмаги билан ҳовлисида ёлғиз, қаровсиз яшайди. Қонунда бундай фарзандлар учун жавобгарлик мавжудми?

Исми сир тутилди.

Саволга Олий суд бош консультанти Акром Арипов жавоб берди:

— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган. Конституциямизга мувофиқ бундай мажбурият вояга етган ва меҳнатга лаёқатли фарзандлар зиммасига юклатилади.

Саволда баён этилган масалани ҳал этиш учун қўшнингиз фарзанларидан моддий таъминот ундириш ҳақида дастлаб фуқаролик судига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Суд қўшнингизнинг аризасига асосан унинг фарзандларига моддий таъминот бериш мажбуриятини юклайди. Агар фарзандлар суднинг бу ҳақдаги қарорини ҳам бажарамаса қонунда фарзандларнинг бу ҳаракатлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-прим 5-моддасида Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра: Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Шунингдек, амалдаги Жиноят кодексининг 123-моддасида ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яьни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз