Бош саҳифаТаҳлилМаҳаллий ҳокимият қандай бўлиши керак? Ўзбекистонда ҳокимлик...

Маҳаллий ҳокимият қандай бўлиши керак? Ўзбекистонда ҳокимлик институтининг қайта тикланиш жараёнлари

Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳуқуқий асоси яратилиши ва ҳокимлик институтининг ташкил этилиши

Ўзбекистонда мустақилликка эришилгандан кейин бошланган ислоҳотларнинг мақсади мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган эркин, очиқ ҳуқуқий демократик давлатчиликни барпо этиш эди.

Бу бошқа тизимлар қатори маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ҳам туб ўзгаришларни амалга оширишни тақозо қилди. Чунки 90-йилларнинг бошларида Ўзбекистонда мавжуд бўлган ҳокимият тизими, жумладан, маҳаллий ҳокимият тизими СССРда шаклланган маъмурий-буйруқбозлик тизимининг таркибий қисми бўлиб, КПСС қарорларини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ва партиянинг таъсир доирасига тўлалигича олинган муассасалардан ташкил топган тизимга айланган эди. Демак, бу тизим буйруқни ижро этишга мослашган тизим сифатида масалаларга ижодий ёндашишни талаб қиладиган, бозор муносабатлари ўрнатилган, демократлаштириш, либераллаштириш жараёнлари кучайган янги давр талабларига умуман жавоб бермас эди. Эндиликда, маҳаллий ҳокимият органлари ўзгараётган шароитга тезлик билан мослаша оладиган, халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўядиган, аҳолининг энг зарур эҳтиёжларини қондира оладиган муассасалар бўлиши талаб қилинар эди.

Халқаро ва миллий давлатчилик тажрибаларини ўрганиш асосида мустақилликнинг дастлабки ойларидаёқ жойлардаги маҳаллий ҳокимият органларини янги асосда шакллантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Унга кўра вакиллик органининг коллегиаллик, ижроия ҳокимиятининг яккаҳокимлик ва шахсий жавобгарлик тамойиллари асосида шакллантирилиши кўзда тутилди. Ана шу концептуал асосга кўра мамлакатимизда ҳокимлик институти қайта тикланди. Унинг илдизлари кўҳна тарихимизга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ҳокимлик тизимида мамлакатимиз миллий давлат қурилишининг кўп асрлик тажрибаси ўзининг аксини топди.

Ўзбекистон Олий Кенгаши қарори билан 1991 йил 18 ноябрда Тошкент шаҳрида ҳокимлик институтининг ташкил этилиши бу борадаги биринчи қадам бўлди. 1992 йил 4 январда эса Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши мамлакатимизда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини қайта ташкил этиш ҳақида конституциявий қонун қабул қилди. Бунда бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик ҳуқуқий давлатни қуришнинг ўзига хос жиҳатлари эътиборга олиниб, ўтиш даври талабларидан келиб чиқиб, аввало ижроия ҳокимиятини мустаҳкамлаш назарда тутилган эди. Бу қонунга асосан Тошкент шаҳрида, барча вилоят, туман ва шаҳарларда ҳокимлик лавозими жорий этилди ҳамда улар зиммасига вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқариш вазифаси юклатилди. 1992 йил апрелда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ҳокимлик лавозимини жорий этиш борасида қонун қабул қилинди.

Конституциянинг 99-моддасига кўра, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар.

Конституция асосида Ўзбекистон Республикаси маҳаллий ҳокимият органларининг икки табақали тизими вужудга келтирилди. Маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг конституциявий ҳолати аниқланди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бир-бирига бўйсунмаган мустақил давлат ва вакиллик органлари бўлиб, ўзаро муносабатларда ҳамкорлик асосида ўз фаолиятларини ташкил этадилар.

Демак, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни каби меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этила бошланди.

Конститусияга мувофиқ, маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига қуйидагилар киради:

  • қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
  • ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш;
  • маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилиш;
  • маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
  • фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш;
  • норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Маҳаллий давлат ҳокимияти тизими доирасида ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳудуднинг хўжалик ва ижтимоий-маданий қурилиш соҳаларининг алоҳида тармоқларини мувофиқлаштириш, тезкорлик билан бошқариш ва уларнинг фаолиятини назорат қилишни таъминлайди ва қарор, фармойишлар қабул қилиш ҳуқуқига эгадир.

Ҳокимнинг ўринбосарлари ўзларининг тузилма бўлинмалари фаолиятига раҳбарликни, пайдо бўладиган муаммолар ва масалаларни ўз ҳуқуқлари доирасида тезкорлик билан ҳал этиш, вақти-вақти билан қилинган ишларни текшириб туриш, кейинчалик булар ҳақидаги хулосаларни ва тавсияномаларни ҳокимга ёки тегишли халқ депутатлари кенгашига тақдим этиш каби вазифаларни бажара бошлади.

Ҳоким ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлаб, халқ хўжалигини ривожлантириш, ўзига қарашли бош бошқармалар, тармоқ мажмуаларига кирувчи трестлар ва бўлимлар фаолиятини мувофиқлаштириш масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида мажмуаларнинг раҳбарлари-ҳокимнинг ўринбосарлари билан бирга, ўз ҳуқуқлари доираларида кўрсатмалар (топшириқлар) шаклидаги фармойишлар қабул қила бошлади. Ушбу кўрсатмалар тегишли ҳудуддаги ўзларига қарашли идораларга, муассаса ва ташкилотларга етказилади ва унинг бажарилиши шартлиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикасидаги мавжуд халқ депутатлари Кенгашлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари тизимида уларни ҳуқуқий ҳолатида бирма-бир ўзгартиришлар қилиш бўйича ёки уларнинг фаолиятига бошқарувни ва бошқарув меҳнати усулларини тадбиқ қилиш заруриятини аниқлаш мақсадида эксперимент ўтказилди. Масалан, Ўзбекистонда халқ депутатлари Кенгашлари раёсатини тузиш, уларнинг раисларини сайлаш, Тошкент шаҳар ҳокимини Тошкент шаҳар аҳолиси томонидан сайланиши эксперимент тариқасида ўтказилган эди.

Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган қонунига мувофиқ вилоят, туман, шаҳар ҳокими маҳаллий ҳудуднинг олий мансабдор шахси сифатида тегишли ҳудуд ижроия ҳокимиятини бошқарадиган бўлди. Жойларда ҳокимликлар жорий этилди. Республиканинг 12 вилояти ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва тегишли Халқ депутатлари кенгашлари сессиясида тасдиқланадиган ҳокимлар бошчилигидаги ҳокимликлар ташкил қилинди.

Албатта, қисқа вақт ичида ҳокимликлар ўз ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифаларини амалга оширишда, жойларда қонунлар, Президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини таъминлашда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини ташкил қилишда муайян тажриба тўплади.

Ҳокимлик олдинги кенгаш раислигидан ёки биринчи котибликдан лавозим ва ҳуқуқий мақоми билан анча фарқ қилувчи институтдир.

Ҳокимликка энди кўпроқ мустақиллик, ўз ҳудудида ўз ҳукми ва сўзининг салмоғини ошириш, хўжалик ва иқтисодий бошқарувда қатъият билан ишлаш имконияти кенгайди. Ҳокимлик усулининг ихчамлиги, буйруқбозлик ва қоғозбозликнинг камайиши, ҳаётга ва ишлаб чиқаришга яқинлиги билан олдинги бошқарув тизими анъаналари ва усулларидан анча афзалликларга эга бўлди.

Бироқ таҳиллар шуни кўрсатдики, ҳокимликлар ҳамма жойда ҳам бутун имкониятлари ва иқтидорларини кўрсата олмадилар. Уларнинг айримлари янгича тизимда эскича усул билан ишладилар. Маҳаллий давлат ҳокимияти тизимидаги камчиликлар ислоҳотларни изчил амалга оширишга тўсқинлик қила бошлади.

Дарҳақиқат, жамият ҳаётидаги туб бурилиш одамлар тафаккурида, жумладан раҳбар кадрлар дунёқарашида кескин ўзгариш ясашни тақозо қилади. Янги даврнинг янги талаблари асосида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, давлат бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Маъмурий буйруқбозлик тизими барбод этилса-да, тоталитар тузум йўқ қилингач, табиийки унинг иллатларидан батамом қутилиб бўлмайди. Жумладан, талон-тарожлик, одамлар ҳақига хиёнат қилиш, маъмуриятчилик ва тўрачилик иллатлари янги тузум маънавий қиёфасига путур етказар эди. Жамият тараққиётига тўғаноқ бўлар эди. Шунинг учун ҳам мамлакатда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари тизимини такомиллаштиришда уни ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгартиришга жиддий эътибор берилди. Энг аввало, ислоҳотларни қонун билан мустаҳкамлаш давлат бошқарувидаги янги тизимининг ҳуқуқий негизларини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ривожлантириш ишлари ҳанузгача давом этмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда улар фаолиятини давр талабларидан келиб чиқиб ижобий томонга ўзгартириб бориш лозим.

А.Жўраева,
Тошкент давлат юридик университети
Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз