Бош саҳифаМуҳим"Мактаб битирувчилари доимо эътиборда бўлади" — Президент

“Мактаб битирувчилари доимо эътиборда бўлади” — Президент

Бугун Ўзбекистондаги 10 мингдан ортиқ мактабда «Сўнгги қўнғироқ» янграйди. Жорий йилда 392 минг нафарга яқин ўғил-қиз мактабни тамомламоқда. 12 мингдан ортиқ битирувчилар ўқишни олтин, 2 мингдан зиёди кумуш медаль билан якунлади. Кеча Президент Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларига табрик йўллади.

«Барчангизни етуклик шаҳодатномасини қўлга олиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман», — деди давлат раҳбари.

«Сизларни замонавий таълим олиб, касб-ҳунар ўрганиб, жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашингиз учун янгиланган Конституциямизда белгиланган беқиёс имкониятлар кутмоқда», — деди у.

«Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини ватанимизга муносиб фарзанд бўлишдек мақсадларга сарфлашга бел боғлаган сиз каби ёшлар — янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев «бугун ватан тараққиётида миллий юксалиш даври бошланганини» таъкидлаб, таълим соҳаси ривожига оид қатор рақамларни келтирди: ўтган йили 807 та мактаб қурилиб, таъмирланди, 40 минг дона замонавий компьютер, 442 та комплект робототехника жиҳозлари ва бошқа зарур ашёлар етказиб берилди. Республикада 210 та олий ўқув юрти, 330 та касб-ҳунар мактаби, 400 га яқин коллеж ва техникумлар, 154 та университетда масофавий таълим йўлга қўйилган ва 15 та университет — масофавий таълим, мономарказлар, IT ва технопарклар ташкил этилган. Уларда ёшлар замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, тадбиркорлик фаолиятини ўрганмоқда.

«Сиз, азиз фарзандларимизни келажакда янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Ҳар бирингиз ҳаётда муносиб ўрнингизни топишингиз учун биз бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ ишга соламиз», — деди у.

«Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан асло тўхтаманг! Доимо вақтнинг қадрига етиб, мунтазам билим ва тажрибангизни ошириб борсангиз, қатъий белгилаб олган режа ва мақсадларингиз сари дадил ҳаракат қилсангиз, албатта, келгусида катта муваффақиятларга эришасиз. Сизларнинг доимо маррани баланд олиб, ягона куч бўлиб ҳаракат қилишингизга ишонаман. Сизлар бунга албатта қодирсиз.», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз