Шофиркон тумани Жўйрабод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Т.Э. туман адлия бўлимига қилган мурожаатида асоссиз равишда ишдан бўшатилганини маълум қилиб, ишга тиклаш борасида амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат адлия бўлими ходимлари томонидан ўрганилганда, тумандаги 45-умумтаълим мактаби директорининг 2020 йил 22 октябрдаги буйруғига асосан мурожаат муаллифи билан тузилган меҳнат шартномаси айнан шу куннинг ўзида иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганлиги, аммо меҳнат шартномасини бекор қилишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Жумладан, ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда касаба уюшмасининг розилиги олинмаган. Меҳнат кодексининг 101-моддасида башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, меҳнат шартномаси мактаб ички меҳнат тартиб-қоидаларига зид равишда яъни мазкур тартиб-қоидаларнинг 7-боби 4-бандида ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол бузилишлар рўйхати аниқ белгиланган бўлсада, сабабсиз ишга келмасликнинг аниқ муддати кўрсатилмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарори 36-бандида агар корхонанинг ички меҳнат тартиб-қоидаларидаги ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган ножўя ҳатти-ҳаракатлар рўйхатида прогул учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин, деб кўрсатилган бўлса, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 4-бандига кўра бу ҳатти-ҳаракат учун меҳнат шартномасининг бекор қилинишига кўрсатилган қоидаларда ходимнинг иш жойида узрсиз сабабларга кўра қанча вақт бўлмаганлиги (тўла иш куни, уч соатдан ортиқ ва шу каби) прогул деб топилиши белгилаб қўйилган тақдирда йўл қўйилиши белгиланган.
Бундан ташқари, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини 2020 йил 22 октябрда бекор қилган бўлсада, буйруқ нусхасини 2020 йил 24 октябрда, меҳнат дафтарчасини 2020 йил 27 октябрда почта орқали ходимнинг розилигини олмасдан жўнатган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 108-моддасида Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги белгиланган. Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 3.3-бандида Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади (бошқа хатлар ҳисобга олинмайди ва йўриқноманинг 3.1. банди асосида иш кўрилади) ходимнинг меҳнат дафтарчасини яшаш жойига почта орқали жўнатиш фақат унинг розилиги билан амалга оширилиши белгиланган.
Туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судига фуқаро манфаатини кўзлаб, ғайриқонуний буйруқни бекор қилиш, мурожаат муаллифини ишга тиклаш ва ғайриқонуний равишда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги сабабли мажбурий прогул учун компенсация тўлови ва маънавий зарарни ундириш ҳақида даъво ариза киритилиб, тегишли суднинг ҳал қилув қарорига асосан туман 45-умумтаълим мактаби директорининг 2020 йил 22 октябрдаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, фуқаро Т.Э. қайта ишга тикланди ҳамда фуқаро фойдасига маънавий зарар ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундирилиши белгиланди.
Шоҳрух САИДОВ,
Шофиркон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси