Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариМактаб ўқувчилари нега судланди?

Мактаб ўқувчилари нега судланди?

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган 113-умумий ўрта таълим мактабининг 4 нафар ўқувчиcи ҳамда ўрта маълумотга эга бўлган икки йигитнинг иши яқинда суд томонидан кўриб чиқилди

Судланувчилар Назар Юсупов, Қобил Тоҳиров (исм-шарифлари ўзгартирилган) ва уларнинг шериклари олдиндан тил бириктириб, Юнусобод тумани “Марказ-6” даҳаси атрофида қаровсиз қолдирилган “Спарк” русумли автомашина эшигини ўзлари билан олиб келган қайчи билан бузиб очишади. Автомашина салонидаги баҳоси 300 АҚШ доллар бўлган қулоқчинни (наушник) олиб, воқеа жойидан яширинишади. Улар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, тунги соат 02:30 ларда Учтепа тумани 14-мавзе 3-уйнинг олдида Х.Ҳасанов томонидан қаровсиз қолдирилган “Нексия” русумли автомашина эшигини ҳам бузиб очишади. Ҳайдовчи уларнинг ҳаракатини сезиб қолганлиги сабабли бузуқ ниятларини амалга оширолмай, воқеа жойидан яширинишади. Тонгга яқин улар худди шу атрофда қаровсиз қолдирилган “Спарк” русумли автомашина эшигини бузиб, салонда бўлган 180 000 сўм пул, баҳоси 80 000 сўмлик кўзойнак ва 300 000 сўмлик қўл соатини ўғирлаб, жуфтакни ростлашади.

Худди шундай жиноятни улар Яшнобод туманида ҳам содир этишади. “Боткина” кўчаси олдида қаровсиз қолдирилган “Спарк” русумли автомашина эшигини бузиб, салонда бўлган 1 100 АҚШ долларини ўғирлаб, воқеа жойидан қочишади.

Жиноий гуруҳ аъзолари Миробод тумани “Афросиёб” кўчасида, шунингдек, яна бошқа бир манзилда қаровсиз қолдирилган “Нексия-2”, “Ласетти” ва “Спарк” русумли автомашиналар эшикларини бузиб, салонда бўлган уяли алоқа воситалари ва пул маблағларини ўғирлашган.

Суд вояга етмаганларга жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, ҳукм чиқарди. Энди савол туғилади: нега мактаб ўқувчилари ўғирлик жиноятини содир этди, нега ота-оналари ярим кечаси уйдан чиқиб кетган фарзандлари билан қизиқишмаган

Демак, тарбияда кемтиклик бор, демак таълим олиш эътибордан четда қолган. Мана шу оғриқли саволлар ҳар биримизни ўйлантириши керак. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун нафақат ота-оналар, балки мактаб, маҳалла ҳам доимо вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиб туриши керак. Ёш авлод тақдири ва келажагига ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз керак.

Шоҳдиёр ШЕРМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз