Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг бу борадаги ислоҳотларни янада кенг жорий этиш чоралари кўрилди. Жумладан, илк ва мактабгача ёшдаги болаларга самарали таълим-тарбия бериш ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур давлат стандартининг асосий мақсади мактабгача таълим тизимини замонавий талабларга асосланган ҳолда ташкил этиш, болаларни соғлом ва ҳар томонлама етук қилиб вояга етказиш, таълим-тарбия жараёнига самарали таълим ва тарбия шакллари ҳамда усулларини жорий этиш ҳамда маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, шунингдек, таълим-тарбия жараёнининг ҳажмига, мазмунига ва сифатига, мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва жиҳозлашга, мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом овқатланишини ва хавфсизлигини ташкил этишга доир мажбурий минимум талабларни жорий этиш ва назоратини ташкил этишдан иборатдир.
Бу тартибларнинг ўрнатилиши, амалиётда қўлланилиши ва назоратга олиниши ота-оналарнинг хусусий МТМга ишончини ортишига олиб келади, албатта.
Давлат стандартининг асосий тамойиллари бўлган тарбияланувчининг интилишлари, қобилияти ва қизиқишлари устуворлиги, ҳар бир боланинг, шу жумладан жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган боланинг мактабгача таълим ва тарбия олишга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш имкониятининг тенглиги, давлат стандартининг таълим соҳасидаги давлат ва жамият талабларига мослиги, мактабгача таълимнинг бошқа таълим турлари ва босқичлари билан узлуксизлиги ва таълим мазмунининг узвийлиги, мактабгача таълим мазмунининг республикадаги барча ҳудудларда бирлиги ва яхлитлиги, мактабгача таълимнинг мазмуни, шакли, воситалари ва усулларини танлашда инновация технологияларига асосланганлиги, хорижий мамлакатларнинг таълим соҳасида тажрибасидан миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш кабилар ҳам болаларимизни ҳам жисмонан ҳам маънан ва ақлан етук шахслар бўлиб етишишига замин ҳозирлайди.
Шу муносабат билан биз ҳар бир ота-онага айтмоқчимизки, болаларимизни ёрқин келажагини яратишни биргалик ҳамкорликда, жипслашган ҳолда олиб борайлик, зеро кун келиб улар бизнинг бу ҳаракатларимиз натижасидан бизданда кўра илмлироқ, бахтлироқ ва албатта маънавий бой бўлишсин.
М.Алибоева,
Зангиота туман “МАДАД” ҲМБ бош мутахассиси