Бош саҳифаТаҳлилМактабгача таълим муассасаси: болалар нега вафот этмоқда?

Мактабгача таълим муассасаси: болалар нега вафот этмоқда?

Бундан 2-3 йил олдин  ОАВда  бола савдоси  билан боғлиқ хабарлар авжига чиққани ёдингизда бўлса керак. Кунда-кунора болаларнинг фалон пулга сотилиши борасидаги хабарлар ҳар қандай инсонни сескантирарди.  Инсон ҳуқуқлари ва қонун поспонларининг сай-ҳаракатлари билан бола савдосига анчайин чек қўйилди. Афсуски, бугун  болаларнинг мактабгача таълим муассасасида вафот этаётганлиги  ҳақидаги хабарлар кундан-кунга ошиб бормоқда. Ҳар бир ота-она  фарзандини боғчага бериб, ишга кетар экан қалбан меҳрли қўлларда эканлигига ишонгиси келади. Гулдек нозик болаларнинг боғчада ўлим топаётгани  наҳотки масъулларни сергак торттирмаяпти?

Яқинда бир муддат вилоятда яшашимизга тўғри келди. Фарзандларим  боғча ёшида. Шаҳарга қайтгунимизча болалар боғчага борсин дея, қишлоқдаги мактабгача таълим муассасасига бордик. Гарчи соат кундузги 11:30 лар  атрофи бўлсада, боғча дарвозасининг очиқлиги, бемалол кириб боришимиз бир ҳайратлантирди. Ҳайратларимиз ҳали олдинда экан. Боғча ҳовлисидаги  дарахт ости тарбиялувчиларга тўла. Гилослар айни пишган дам эмасми,  3-4 ёшлардаги болалар бир-бирини итариб дарахтга  чиқмоқда. Боланинг бегонаси бўлмайди деганларидек,  турмуш ўртоғим болаларни  дарахтдан  туширди.  Мен тарбиячини қидириб кетдим. Боғча ҳудудига  ҳатто бегона шахс кирганидан бехабар тарбиячи бир чеккада телефондаги видеони томоша қилиб ўтирибди. Тарбиячига болаларга масъул шахс сиз бўлсангиз керак,  жавобгарлигингизни унутманг дея  боғча ҳудудини тарк этдик.  Сабаби фарзандимизни  бу манзилда ишониб топшира олмаслигимиз аён эди.

Кўрган манзарамиз ота-она сифатида бизни анча сергак торттирди. Хусусий бўлсада, маъсулиятли тарбиячиларга эга боғчага топширдик.

Фалокат содир бўлишини ҳеч ким хоҳламайди, бироқ  бола бор жойда масъулият ва эътибор албатта бўлиши шарт.  Зеро, фарзанд доғи жудаям оғир. Қолаверса, қонун олдида жавобгарлик ҳам енгил эмас.

Феруза Раҳимова,

Hudud24.uz мухбири

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз