Бугунги кунда, биз халқимиз ҳар доимгидан ҳам тинч-тотув, фаровон яшаши кераклиги, иқтисодиёт барқарор ўсиш суръатларига эга бўлишлиги, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида туб бурилишларни амалга ошириш ва давлат бошқаруви фаолияти учун етук кадрларни тайёрлаш зарурияти ҳақида жойларда, ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида жуда кўплаб баҳс-мунозараларга киришаяпмиз, тўпланиб қолган муаммоларга ечимни биргаликда топишга ҳаракат қиляпмиз. Умуман олганда, мамлакатимизнинг ҳам ижтимоий-ҳуқуқий, ҳам иқтисодий, хам сиёсий ҳаётидаги барча икир-чикирларгача муносабат билдириш, беэътибор қолмаслик, бу Ватан, бу она тупроқ, бу маскан ривожи учун барчамиз бирдек жавобгар эканлигимиз ҳисси яна-да аниқ ҳақиқат эканлигини англамоқдамиз. Айниқса, бу борада малакали, иқтидорли, ташаббускор, зукко, ҳар томонлама замон талабларига мос юридик кадрлар тайёрлаш энг муҳим масалалардан бири эканлиги кундек равшан.
Нима учун бугун ҳукумат айнан етук, малакали юрист кадрларга катта эҳтиёж сезмоқда? Бунинг сабаби шундаки, мамлакат фаолиятининг барча жабҳаларида бевосита юридик таълим, ҳуқуқ устуворлиги, тенглик, адолатни таъминлаш, қонунни ҳимоя қилиш, яширин иқтисодиёт кўламини камайтиришга эришиш масалалари туради. Бунинг учун эса иқтидорли талаба ёшларни тайёрлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва юридик меҳнат бозорини “юқори сифатли маҳсулот” – малакали юристлар билан таъминлаш вазифаси билан шуғулланувчи масканларнинг ўрни жуда катта аҳамият касб этади. Хусусан, Тошкент давлат юридик университети ана шундай кадрлар тайёрлашда, қарийб 30 йилдан буён ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда, десак янглишмаймиз.
Ҳуқуқ иқтисодиётсиз, иқтисодиёт ҳуқуқсиз мавжуд бўлиши мумкинми? Ўзи аслида бу икки соҳалар таъбир жоиз бўлса, “одамнинг қўл-оёғи” кабидир. Бу ўринда бир савол туғилиши аниқ. Ундай бўлса нега бу икки соҳалар бир-биридан айро тарзда фаолият олиб бормоқда, улар учун алоҳида-алоҳида олий таълим муассасалари кадрлар етказиб бермоқда? Бу эса худди “инсоннинг қўли алоҳида вазифани, оёғи алоҳида вазифани бажариши, лекин инсонни айнан бир мақсадига эришишини биргаликда таъминлаши” кабидир десак муболаға бўлмайди. Бошқа томондан, бугунги глобаллашув даврида рақобатбардошликни ошириш мақсадида бир қатор тор соҳалар учун меҳнаткашларни таъминлаш масаласи юқори устуворликка эга бўлмоқда. Бу эса кўрилаётган тизимнинг сифати ва ишнинг бориш тезлигига ижобий таъсир қилади. Сўзимизнинг исботи сифатида Япониянинг “just-in-time” тизимини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Мазкур тизимнинг асосий моҳияти шуки, ходимлар фақатгина ўзлари учун юклатилган тор кўламдаги ишларни бажарадилар холос. Бу эса бошқа тизимларга нисбатан юқори сифат ва иш унумдорлигига тезкорлик билан эришишга олиб келади. Лекин бу дегани фирма ёки ҳар қандай тадбиркорлик субъекти ёки нотижорат ташкилоти бўлишидан қатъи назар, улардаги иқтисодий ва ҳуқуқий ричаглар алоҳида тизим сифатида ишлайди дегани эмас. Балки, бундаги бу икки йўналиш ўз вақтида бир-бирининг фаолиятини тўлдириб мукаммал жараёнга олиб келганлиги учун ҳам “just-in-time” тизими ўзини оқлайди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига эътибор берадиган бўлсак, икки устувор йўналишлар – қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ҳамда иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш гўёки бир-бирини тўлдириб турувчи икки устун ҳисобланади. Умуман олганда, давлат бошқарувини самарали олиб бориш тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисод ва ҳуқуқ бир-бирини тўлдириб турувчи, бир мақсад сари етакловчи асосий соҳалар ҳисобланади.
Малакали юрист кадрларни тайёрлашда иқтисодиёт фанларининг ўрни қандай? Мамлакат иқтисодиёти юқори суръатларда ўсишга эришиши, жаҳон рақобат бозорида ўз ўрнига эга бўлиши, давлат бошқарув тизимларини самарали олиб бориш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳар томонлама оптимал кўринишга эга бўлишлик керак. Мисол учун, оилавий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорнинг “оёғига болта урадиган” қонун ҳужжатлари ёки унинг маълум бир моддалари, бандлари бўлмаслиги, бошқа томондан эса тадбиркорнинг яширин иқтисодиёт кўламини оширишга йўл очиб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлишлигига йўл қўймаслик зарур. Бу эса, ўз навбатида, малакали юристларни тайёрлаш масканларига катта масъулият юклайди.
Бу борада “Юрист кадрлар иқтисодиёт ва иқтисодий тизимларини яхши ўзлаштириши керак” шиори остида Тошкент давлат юридик университети талабаларига бир қатор иқтисодиёт фанлари ўргатилиб келинмоқда. Хронологик нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, Тошкент давлат юридик университетида бугунги кунга қадар Иқтисодиёт асослари, Ҳуқуқий статистика, Ҳуқуқий бухгалтерия, Ҳуқуқда иқтисодий таҳлил, Корпоратив бошқарув, Стратегик менежмент, Тадбиркорлик ҳуқуқи, Корпоратив ҳуқуқ каби бир қатор модуллар ўқитилиб талабаларда зарурий билимлар шакллантирилмоқда. Мазкур модуллар бевосита Болония кредит-модул тизими стандартларига асосан ўқитилади. Умуман олганда, юридик таълим кадрларини жаҳон талабларига мос кадр қилиб тайёрлаш, уларнинг малака ва кўникмаларини бойитиш, энг асосийси, Ўзбекистоннинг ёрқин келажагини қуришга муносиб ҳисса қўшадиган ёшлар қилиб тарбиялаш Тошкент давлат юридик университети асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.
Жаҳонгир Жўраев,
ТДЮУ Умумтаълим фанлар ва маданият кафедраси ўқитувчиси