Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонМамлакатимиз сайлов тизими тобора такомиллашиб бораётир

Мамлакатимиз сайлов тизими тобора такомиллашиб бораётир

Маълумки, айни пайтда халқимиз муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдида турибди. Уни миллий қонунчилигимиз ва халқаро талаблар доирасида ўтказишга эса пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Бинобарин, Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь кунги Олий Мажлисга ва халқимизга қилган мурожаатномасида “2021 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда шакллантириш керак. Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз. Бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади, деб ишонаман” дея бу галги сайлов хусусида алоҳида тўхталиб ўтганди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур сайлов 2019 йил 25 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси” асосида ўтказилади. Мазкур кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди. Умуман олганда, Сайлов кодексининг қабул қилиниши сайловчилар ва сайланувчиларга жуда катта қулайлик яратилди. Чунки аввал сайлов қонунчилиги кодификация қилинмаган аниқ бир манбада мужассам бўлмай, ахборотни бир нечта қонун ҳужжатларидан излаш лозим эди. Бундан ташқари, ушбу кодекс билан давлатнинг қуйи бошқарув органлари вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлигига ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши ҳам белгиланди. Бу эса сайловларнинг очиқ, ошкора, демократик принципларга мос ўтишида муҳим аҳамиятга эга.

Албатта, Президент сайловини ўтказиш борасидаги халқаро тамойиллар ва орттирилган тажрибалар эса мазкур кодексни янада такомиллаштиришни тақозо этди. Натижада 2021 йил 31 май куни “Ўзбекистон Республикасининг сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар кодекснинг бир қатор моддалари билан боғлиқ. Жумладан, юқоридаги қонуннинг 1-моддасига биноан, кодекснинг “Округ сайлов комиссияларини тузиш” дея номланган 21-моддаси биринчи қисми янги икки қисм билан алмаштирилди. Яъни “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг олти — саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади”. Ёки  “Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот олиб бориш”  деб аталган 48-моддаси “Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди” деган мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди. Кодексга киритилган бошқа ўзгартиш ва қўшимчалар эса сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилиш, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш ёхуд бу борадаги ҳолатлар бўйича судга мурожаат қилиш билан боғлиқдир.

Бош қомусимиз – мамлакатимиз конституциясининг 117-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар” дея қайд этилган.

Агар республикамизда сайловлар ҳар беш йилда ўтказилишини назарда тутсак, янги “Сайлов кодекси”, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда юқоридаги конституциявий қоиданинг мазмун-моҳиятини ҳамюртларимизга, айниқса, бу гал биринчи марта овоз берадиган ёш сайловчиларга тушунтириш, шу орқали уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириб бориш лозим. Шундай экан, биз судьялар мазкур жараёнда янада фаол бўлишимиз зарур. Зеро, ҳар биримизнинг Президент сайловида юртимиз равнақи, фарзандларимиз келажаги учун овоз берамиз. Чунки Бош қомусимизнинг 93-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир.

Жамила АКРАМОВА,
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз