Хабарингиз бор, маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.12.2022 йилдаги ПФ-269-сонли «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Бундан Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш мақсад қилинган.
Жорий йилнинг 26 декабрь кунидан бошлаб мазкур фармон билан жорий этилаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти бўйича мурожаатларга тезкор ва сифатли жавоб бериш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан 1136 қисқа рақамли Call-center (ўзбек ва рус тилларида) ҳамда @admreform_bot телеграм боти ишга туширилди.
Мурожаатлар ҳафтанинг душанба кунидан жума кунигача (байрам кунларидан ташқари) соат 09:00 дан 13:00 гача ва 14:00 дан 18:00 гача қабул қилиниб келинмоқда.
Эътиборлиси шуки, 26 декабрь кунининг ўзида Маъмурий ислоҳотларга оид Фармон ва Қарор бўйича ташкил этилган 1136 қисқа рақамли Call-center орқали 147 та, телеграм-бот орқали 69 та, жами 216 та мурожаат келиб тушди ва малакали мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилди.
Статистикага кўра, келиб тушган саволларнинг аксарияти вазирликлар фаолиятига оид.
Бошқа таснифга кўра, келиб тушган саволларнинг аксарияти маъмурий ҳуқуқ ва меҳнат ҳуқуқига оид.
Мисол учун, кенг жамоатчилик томонидан Call-center мутахассисларга қуйидаги мазмунда саволлар келиб тушмоқда:
Мамурий ислоҳотлар деганда нимани тушуниш лозим? Ислоҳотлар билан боғлиқ жараёнлар қанча вақт давом этади? Маъмурий ислоҳотлар неча босқичқан иборат? Ислоҳотларнинг биринчи ва иккинчи босқичида қандай ишлар амалга оширилади? Ушбу ислоҳотлар халқ учун нима беради? Ислоҳотлар натижасида вазирликлар нечтагача қисқаради? Фармонга кўра ҳудудий бўлимларда ишловчи ходимлар қисқариши ҳам бўладими? Давлат ташкилотларида қисқартириш амалга оширилса биринчи галда кимлар қисқаради? Эндиликда вилоятлараро бошқарма ва бўлимлар ташкил этиладими? Вилоятлардаги шаҳар ва туман ташкилотлари янгиланган таркиби қачон эълон қилинади?
Хумоюн Сойипов,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси