Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқМаъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари учун алоҳида судлар керакми?

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари учун алоҳида судлар керакми?

“Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонига асосан, суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб: вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

Қайд этиб ўтилган Фармонга мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилди, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилди, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.

Бундан ташқари, “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги 2021 йил 4 октябрдаги Қонунига мувофиқ янги институт, яъни “ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш” бўйича алоҳида тартиби жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, жабрланувчи ёхуд унинг қонуний вакили ярашув тўғрисидаги аризани иш ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан кўриб чиқилиши вақтида, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар бериши мумкин. Аризани қабул қилиш чоғида ваколатли орган (мансабдор шахс) ва суд жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига суд ярашувни тасдиқласа, у мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш ҳақида илтимоснома бериш ҳуқуқини йўқотишини тушунтириши шарт.

Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси иш судга келган пайтдан эътиборан уч кундан кечиктирмай ўтказилиши керак. Демак, ярашув тўғрисидаги ишларнинг барчаси судлар томонидан кўриб чиқилиб ҳал қилинади.

Статистик маълумотлар таҳлил қилинганда, жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлари томонидан 2020 йилда 30 мингдан ортиқ, 2021 йилда эса 47 мингдан ортиқ жиноят ишлари кўриб тамомланган бир пайтда, шу судлар томонидан 2020 йилда 341 мингдан ортиқ, 2021 йилда 428 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб тамомланган.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифадаги ишлар жиноят ишларига нисбатан ўн баравар кўплигини кўрсатмоқда.

Жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда уларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида судларнинг ярашув тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ваколатига эга бўлган органларнинг мансабдор шахсларига бериш таклифи берилади.

Шу билан бирга, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судлар томонидан кўриш амалиёти ўрганилганда, бу соҳадаги қонун нормалари номукаммаллиги, қонунчиликни қўллашда судларда бир хил ёндашув мавжуд эмаслиги сабабли ушбу соҳанинг қонунчилигини такомиллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда.

Биринчидан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши назарда тутилган, алоҳида тоифадаги ишларни бир, уч, беш сутка муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судлар томонидан бундай қисқа муддатларда кўриб, ҳал қилиниши айрим ҳолларда ишларнинг тўлиқ, асосли ҳамда адолатли бўлишига муайян маънода ўз таъсирини ўтказмай қўймайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 35-сон «Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Қарорининг 10-бандида судлар далилларга, шу жумладан, ишда қатнашувчи шахслар томонидан тақдим этилган фото, аудио ва видео ёзувларга, шунингдек, интернет тармоғидан олинган маълумотларга баҳо бериш учун тегишли мутахассис жалб қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Бироқ, муддатларни қисқалиги сабабли судларнинг тегишли далилларни мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўриб чиқиш имкониятини чекланишига сабаб бўлади. Натижада, тарафларнинг суд қароридан норози бўлиб, юқори инстанцияларга мурожаат қилишларига олиб келади.

Мазкур йўналиш бўйича хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, Россия ҳамда бошқа давлатнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш судьяга келиб тушгандан сўнг икки ойлик муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 305-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш судьяга келиб тушгандан сўнг бир ойлик муддатда кўриб чиқилиши тўғрисида норма киритиш таклифи билдирилади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 12-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг суд мажлисида, шунингдек ишлар юқори судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилади. Иш судда кўрилаётганда айблаш, ҳимоя қилиш ва ишни ҳал қилиш вазифалари бир-биридан алоҳида бажарилиб, айнан бир орган ёки айнан бир мансабдор шахс зиммасига юклатилиши мумкин эмас.

Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда маъмурий ҳуқуқубзарлик баённомасини тузган мансабдор шахсларнинг иштироки истисно этилади. Судда маъмурий баённомани қўллаб қувватловчи тараф (айблов тарафи) бўлмаганлиги сабабли, ишни кўриб чиқаётган судья маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда айблов тараф сифатида исботлаш мажбуриятини ўз зиммасига олишга сабаб бўлмоқда. Бу эса, судда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилиши принципларига зид ҳисобланади.

Шу сабабли, барча маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судда кўриб чиқилишида маъмурий баённома тузган мансабдор шахснинг иштирокини таъминлаш мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, судьяни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ишда иштирок этишига монелик этувчи ҳолатлар (рад қилиш тартиби) ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарик тўғрисида кодексда назарда тутилмаган.

Бу эса, судьянинг маъмурий ҳуқуқбузарли тўғрисидаги ишларни холисона кўрилишига, ишни адолатли ҳал қилиниши тўсқинлик қилиниши мумкин.

Хорижий давлатлар тажрибаси асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қонун нормалари билан тўлдириш таклифи билдирилади:

3032-модда Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда рад қилиш асослари ва тартиби

Судья қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас:

1) мазкур иш илгари кўрилганда судья сифатида иштирок этган бўлса;

2) мазкур иш бўйича ваколатли орган мансабдор шахси сифатида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирган ёки қарор чиқарган бўлса;

3) мазкур иш илгари кўрилганда унда прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлиси котиби, вакил ёки гувоҳ сифатида иштирок этган бўлса;

4) ишда иштирок этувчи шахслар ёки вакилларининг қариндоши бўлса;

5) ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Ушбу моддада кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, судья ўзини ўзи рад қилиш ҳақида арз қилиши шарт. Ишни якка тартибда кўраётган судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала суд раиси, бир таркибли судда эса шу судья томонидан, ҳал қилинади. Судьянинг ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги масала суд ажримида қайд қилинади.”

Тўртинчидан, хорижий давлатларда хусусан, Буюк Британияда, Канадада, Белгия ва бошқа ривожланган давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларнинг кўриб чиқиш амалиёти ўрганилганда мазкур давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси ишлатилмасдан,  балки кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар деб номаланиб, ушбу тоифадаги ишлар алоҳида судлар томонидан кўриб чиқилаётганлиги маълум бўлди.

Фикримизча, ривожланган давлатларнинг амалиётини ўрганган ҳолда давлатимизда ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқувчи алоҳида судларни жорий қилиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, таклиф этилаётган ўзгартишлар амалда ўз ифодасини топса нафақат фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, балки суд ҳокимиятининг ҳам чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Дилшод НАИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз