Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон раҳбарлари учрашувининг фотосуратлари Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Уалининг Facebook саҳифасида эълон қилинди.
Суратларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров тасвирланган.
Давлат раҳбарлари 6 август, жума куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида иштирок этади. Шунингдек, саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 5 август куни Туркманбоши шаҳрига жўнаб кетгани хабар берилганди. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё раҳбарларининг учрашувидаги нутқида дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кўмак муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриши, узоқ муддатли умумий манфаатларга асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини баён қилиши кутилмоқда.