Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариМарҳум руҳини безовта қилган фирибгар

Марҳум руҳини безовта қилган фирибгар

Касбимиз тақозоси туфайли айни пайтгача жиноятчиларнинг, айниқса, фирибгарларнинг турли-туманига дуч келдик. Ҳаммаси ҳам алдовнинг турли йўллари билан ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзгаларнинг мулкини ёхуд мулкий ҳуқуқини қўлга киритган кимсалар.

Аммо ўз жиноятини хаспўшлаш учун марҳум оғайнисининг руҳини ҳам безовта қилган фирибгарни биринчи маротаба кўрдик. Бу – Фарғона шаҳрининг Нафосат маҳалласида яшовчи Улуғбек Абдусаматов(исм-шарифлари ўзгартирилган)дир.

Айни пайтда 30 ёшда бўлиб, муқаддам судланмаган Улуғбек бира тўла оғир жиноятга – жуда кўп миқдордаги фирибгарликка қўл урди қўйди. Яна денг бегонани эмас, ўзининг маҳалладоши Шамсиддин Мамарасуловни чув туширди.

Гап шундаки, Ш.Мамарасулов 2016 йилда “Аkfaplast” русумли пластик эшик ва ромлар ишлаб чиқарувчи дастгоҳни 18.000.000 сўмга сотиб олганди. Бироқ орадан бир йил ўтиб, қизи Оқила Камолованинг кўзини даволатиш учун пул зарур бўлиб қолади. Бинобарин, Шамсиддин ана шу дастгоҳни сотмоқчи бўлади. Бундан хабар топган У.Абдусаматов эса 2017 йил 24 август куни унинг уйига бир таниши билан келади.

– “Аkfaplast”ни сотаётган эмишсиз, йигитлар эшитиб келяпман. Мана, харидор ҳам топиб келдим,-дейди у пайвандлаш ишлари ва турли дастгоҳларни ясаш билан шуғулланувчи таниши Пўлатжон Тешабоев(Айни пайтда марҳум. Шу боис ишнинг унга нисбатан қисми Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан тугатилган)ни кўрсатиб.

– Бажонидил. Хуш келибсизлар!,-дея уларни ичкарига таклиф қилади рўпарасида фирибгар турганини хаёлига ҳам келтирмаган мезбон.

Ш.Мамарасуловнинг таклифи билан ҳовлига киришгач, Улуғбек дарҳол савдолашишга тушиб кетади.

– Нархини қанча деяпсиз?

– Ўзимга қолса, бу дастгоҳни умуман сотмасдим. Лекин қизимни даволатишга пул керак бўлиб қолди. Шунинг учун ўттиз миллион деяпман,-деб ўз вазиятини тушунтиради Шамсиддин.

– Майли, оламиз. Аммо сал ўтиб берасиз,-дейди У.Абдусаматов.

У шундай дея мезбон билан савдолашиб, “Аkfaplast”нинг баҳосини 26.000.000 сўмга келишишади.

– Фақат пулини икки ой ичида оласиз,-дейди “харидор” савдодан кейин ўз шартини қўйиб.

Бинобарин, у Ш.Мамарасуловни ишонтириш мақсадида тилхат ҳам ёзиб беради. Орадан уч-тўрт кун ўтгач эса ҳақдор У.Абдусаматовга қўнғироқ қилиб, дастгоҳни сотган-сотмаганлигини сўрайди. Бунга жавобан бўлса Улуғбек дастгоҳнинг нархи қимматлиги учун харидорлар олмаётганини, бироз сабр қилиб турса, сотиб беришини айтади.

Буни қарангки, бир ойдан сўнг Шамсиддин яна унга қўнғироқ қилади. Бироқ Улуғбек бу гал гапни бутунлай бошқа ёққа буради.

– Қувалик бир фермер билан танишиб қолдим. Йигирмата қора моли бор экан, даромади ҳам дурустгина. Менга ҳам мол боқиш ва сотиш билан шуғилланишни маслаҳат берди. Шу ишни иккаламиз биргаликда бошласакчи? Нима дейсиз?

– Яхши бўларди,-дейди ҳали унга нисбатан ишонч билан юрган Ш.Мамарасулов.

– Хўп, десангиз ўғилларингиз Россиядан юбораётган пулларни тикинг бунга. Сира ютқазмайсиз,-деб ўлжасининг қизиқишини янада орттиришга уринади фирибгар.

У шундай деганча Шамсиддинни чунонам аврайдики, қандай қилиб розилик берганини билмай қолади бояқиш ҳамкор.

Ана шу келишувга биноан, икковлон У.Абдусаматовнинг таниши Қ.Сўпиевнинг “Волга” русумли автомашинасида Қува туманига боришади.

– Молларингиздан ўнта яхшисини сотиб оламиз,-дейди Улуғбек фермерга.

Натижада Ш.Мамарасулов унинг қўлига 3000 АҚШ доллари валютани тутқазиб қўяди.

– Бу жониворларни кейинроқ олиб кетамиз,-дейди “уддабурон” йигит пулларни фермерга бераётиб.

Шундай бўлади ҳам. Фермер билан олди-берди қилгач, улар яна ортга қайтишади. Лекин орадан кунлар ўтса ҳам қорамоллардан дарак бўлавермайди. Шу боис Шамсиддин У.Абдусаматовга қўнғироқ қилиб, молларни олиб келган-келмаганини сўрайди.

– Молларни ҳали олиб келолмадим. Шунинг учун пуллар ишлаб кетмасин, дея уларни банк омонатига топширдим. Аммо яна пул зарур бўляпти. Негаки фермер қолган молларини ҳам сотаман, деяпти.

Шуни таассуф билан таъкидлаш лозимки, Улуғбек ҳар қанча лақиллатмасин, Ш.Мамарасулов унга ишонаверади. Бу эса маҳалладош фирибгар жуда қўл келиб, 2018 йилнинг май ойига қадар яна 4000 АҚШ доллари, 5.000.000 сўм нақд пул, 1500 АҚШ доллари ва 1.500.000 сўм пул олади ундан. Бу орада У.Абдусаматов Шамсиддинни юпатиш учун ҳар ҳафтада унинг уйига 2-3 килограмдан гўшт олиб келиб туради ҳам. Умуман олганда, Улуғбек Ш.Мамарасуловнинг жами 120.182.770 сўмлик – жуда кўп миқдордаги мулкларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Кейин эса турли важ-карсонларни келтириб, жабрланувчини ипсиз боғлаб юраверади. Охир-оқибат тоқати тоқ бўлган Шамсиддин Мамарасулов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилиб, фирибгар танишига қонуний чора кўрилишини ҳамда пулларини ундириб беришни сўрайди.

Албатта, шундан сўнг Улуғбек Абдусаматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Мазкур иш эса жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилади.

Номардликни қарангки, суд мажлисида “қаҳрамон”имиз ўз қилмишини хаспўшлаш мақсадида 2018 йилда вафот этган Пўлатжон Тешабоевнинг руҳини безовта қилишдан ҳам қўрқмайди. Яъни 26.000.000 сўмлик “Аkfaplast” дастгоҳини П.Тешабоевнинг бошқа шахслардан бўлган қарзини тўлаш учун бериб юборганини айтади. Бироқ буни Шамсиддин ва марҳумнинг онаси Норинисо Тешабоевалар инкор этишади.

– Бу ҳақда судланувчи менга умуман ҳеч нима демаган, гаплари ёлғон.

Норинисо опанинг таъкилашича, ўғли Пўлатжон Тешабоев 2018 йилнинг 26 июнь куни юрак хасталиги туфайли вафот этган. Ҳаётлик даврида ўғлининг қилаётган ишларидан бохабар бўлган. Яъни, марҳум ўз устахонасида пайвандлаш ишлари ва турли дастгоҳларни ясаш билан шуғулланган. У.Абдусаматов эса Пўлатжоннинг вафот этганидан фойдаланиб, жавобгарликдан қутилиш мақсадида ёлғон гапираётганлигини билдирди. Чунки Улуғбек 2019 йилда Пўлатжоннинг ўлим гувоҳномасини сўраб келган ва бояқиш она унга ўғлини ўзининг қинғир ишларига аралаштирмаслигини айтган. Бинобарин, марҳумнинг ўлим гувоҳномасини фирибгарга бермаган. Негаки марҳум П.Тешабоев ҳеч кимдан қарздор бўлмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 37-бандида судлар, нафақат шахс жиноят содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсад, айб шакли ва даражасини, балки, айбдорнинг шахси, жиноят иштирокчилари орасидаги роли, жиноят содир этилиш пайтидаги ёки содир этилганидан кейинги хулқ-атвори, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни ҳам эътиборга олишлари лозимлиги белгиланган. Шу боис суд судланувчининг юқоридаги важини жавобгарлик ва жазодан қутилиш, шунингдек, жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплашдан бўйин товлаш мақсадида келтирилган деб ҳисоблаган бунга ҳолда танқидий баҳо берди. Натижада У.Абдусаматов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси доирасида 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчига етказилган моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Кези келганда шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ишонч бу инсонларни бир-бири билан боғлаб турувчи энг асосий, беқиёс риштадир. Ўзаро ишонч йўқолса, ҳатто туғишган ака-ука опа-сингиллар ёки ота-бола ўртасига ҳам совуқчилик тушади. Бинобарин, бу муқаддас туйғуни поймол қилмаслигимиз керак.

 

Маҳкамжон АБДУБАННАБОВ,
жиноят ишлар бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз