— Машина харид қилганда ишончнома орқали бошқариш оқибати яхши эмаслигини эшитдим. Кейинчалик машина билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин экан. Шу ростми?
Миродил ТУРДИЕВ,
Ёзёвон тумани
— Дарҳақиқат, ишончнома бугунги кунда кўп учрайдиган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан биридир. Бошқача айтганда, автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга оид ишончномаларни тасдиқлаш нотариуслар томонидан энг кўп амалга ошириладиган ҳаракатдир.
Ишончнома кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган санаси кўрсатилмаган ишончнома эса ҳақиқий эмасдир.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, автомототранспорт воситаларини тасарруф этиш (кўпинча халқ орасида “Гендоверенность” дейилади) билан боғлиқ ишончнома ишончли вакилга мулк ҳуқуқини бермайди, яъни эгаси сифатида эътироф этилмайди. Аксарият ҳолларда амалиётда фуқаролар сотиб олган автотранспорт воситаларини ўз номларига расмийлаштирмай, айрим сабабларга мувофиқ тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи ишончнома орқали бошқариб юришади. Бу эса баъзида муаммоли вазиятларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, ишончнома берган шахс уни истаган вақтида бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолатда ишончли вакилнинг ишончномани бекор қилишда иштироки талаб этилмайди. Амалдаги қонунлар талабига биноан, агар ишончномани берган шахс вафот этса, мазкур ишончнома ўз-ўзидан бекор бўлади. Гарчи ҳали ишончнома муддати тугамаган бўлса ҳам. Бунда ишончнома предмети саналган автотранспорт мерос сифатида марҳумнинг қариндошларига қайтарилади. Табиийки, бу жараён ортиқча вақт ва маблағ талаб этади. Яъни мулк марҳумнинг меросхўрларига ўтади ва олди-сотди қилиш учун меросхўрларнинг ҳар биридан розилик талаб қилинади. Сўнг йўл ҳаракати хавфсизлиги идорасидаги югур-югурларга навбат келади. Борди-ю, қайсидир меросхўр бунга қаршилик қилса, томонлар ўртасида мулкий низо юзага келиб, иш судгача бориб етади.
Шундай экан, тилга олингани каби муаммоларга дуч келмаслик учун автомашинани қонуний олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштириш мақсадга мувофиқ.
Саволга Фарғона шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Элмурод ЭРГАШЕВ жавоб берди.